Айни пайтда баракотли ва фазилатли рамазон ойи юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Рамазон ойи рўзасини тутишнинг инсон учун кўп фойдалари бор. Аввало, рўза тутиш билан Аллоҳнинг розилигини топилади. Рўзадор очлик машаққатини жисмида ҳис этади. Натижада унинг қалбида фақир, мискин ва муҳтож кишиларга нисбатан раҳм-шафқат туйғуси уйғонади. Бу эса инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари боғланишига омил бўлади.
Имом Ғаззолий розияллоҳу анҳу рўзанинг фазилати тўғрисида шундай ёзадилар:
«Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшиликка чорловдир. Рўза инсон учун гуноҳлардан тийилиш, жамият учун ёмонликлардан сақланишдир. Оч баданда қалб бир меъёрда ишлайди, ақл тиниқлашади, кўз равшан тортади. Тўқлик эса дангасалик туғдиради, қалб нурини ўчиради, зеҳнни ўтмаслаштиради. Кам уйқу ва оз овқат билан қалбларингизга ҳаёт бахш этинг. Шунда қалбларингиз мусаффо бўлади ва тетиклашади».
Барча улуғларимиз рамазон ойида аввалгиданда сахий, ҳар қачонгидан ҳам меҳрибон ва олийжаноброқ бўлишган. Ушбу муборак ойда айниқса, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳоватлари янада зиёда бўлган. Демак, рамазон ойининг моҳиятида инсонийлик, эзгулик, маънавий поклик фазилатлари мужассам. Бу ой меҳр-оқибат, мурувват ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Юртимизда бу фазилатли ой билан боғлиқ тадбирлар кўтаринки руҳда ва ҳамжиҳатлик билан ўтказилмоқда. Жойлардаги «Меҳрибонлик» ва «Саховат» уйлари, қолаверса, ҳудудлардаги кам таъминланган ва боқувчисини ёқотган ҳамда ногиронлиги бор кишиларнинг ҳолларидан хабар олиб ифторликлар ташкил этиб, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари ва юртимизда фаолият кўрсатаётган барча жомеъ масжидларнинг кун тартибидаги долзарб вазифасига айланди.
Таъкидлаганимиздек, рамазон ойи инсонлар учун савоб амалларга кўпроқ эга бўлиш учун берилган улкан имкониятдир.
Зероки, Росулумиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ким хайру саховат килиб, кийимга мухтож одамни кийинтириб, хурсанд килса, Аллоҳ таоло уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир оч кишини тўйдирса, таомлантирса, Аллоҳ таоло жаннат таомлари билан тўйдиради»-дедилар.
Шундай экан, азизлар ушбу муқаддас ойда эзгу амаллар ва хайр-саховатлар қилиб, савобларимизни кўпайтириб олишни Роббимиз ҳаммаларимизга насиб қилсин.
Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме
масжиди имом-хатиби