Жамият аъзоларига муносабат

МУРАББИЙ ВА УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ

МУРАББИЙ ВА УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ

Мураббий ҳамда устозларни ҳурмат қилиш, уларнинг қадрини улуғлаш — динимизнинг энг гўзал шиорларидан биридир. Зеро, илм аҳлини ва маърифат уламоларини эъзозлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш динимизнинг олий кўрсатмаси ҳисобланади.

عَنْ أنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : «العلماءُ أمناءُ اللهِ على خلقِهِ». رواه السيوطي

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимлар — Аллоҳнинг Ўз халойиқи орасидаги ишончли ва омонатдор бандаларидир», дедилар (Имом Суютий ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга таълим берадиган, уларнинг қалбини имон ва маърифат билан ёритувчи олимларни бежиз бу қадар олий мақомга кўтармаяптилар. Чунки устозлар ва мураббийлар — цементланган маънавий пойдевор, инсониятни жаҳолатдан нурга ва яхшилик сари етакловчи ҳақиқий йўлбошчилардир.

Қуръони каримда зикр қилинганидек, Мусо алайҳиссалом ўзлари пайғамбар бўлишларига қарамай, Аллоҳ томонидан алоҳида илм ато этилган Хизр алайҳиссаломга чексиз эҳтиром кўрсатиб, ниҳоятда мулойимлик ва хокисорлик билан: «Сизга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?»(Каҳф сураси, 66-оят), деган эдилар. Бу воқеа ҳатто юксак мақомга эришган инсон ҳам илм ва устоз олдида қандай камтар бўлиши кераклигига ёрқин мисолдир.

Саҳобалар ҳаётида ҳам устозга бўлган эҳтиромнинг беқиёс намуналарини кўрамиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли жиянлари бўлишларига қарамай, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан илм олар эдилар. У киши устозларининг эшиги олдига келиб, устозни безовта қилмаслик учун чақирмас, балки чиқишларини сабр билан кутиб турар эдилар. Бир куни шундай кутиш асносида шамол кўтарилиб, чанг-тўзон бўлди. Шунга қарамай, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу уйларига қайтмай, устозларининг чиқишини кутишда давом этдилар. Ҳатто шамол учирган қум-шағаллар у кишининг юз-кўзлари ва қулоқларига кириб кетган эди. Лекин илмга чанқоқ Ибн Аббос жойларидан силжимадилар.

Маълум вақт ўтгач, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бир юмуш билан ташқарига чиқдилар. Қарасалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари Ибн Аббос розияллоҳу анҳу сочлари тўзиган, чангга беланган ҳолда эшик олдида кутиб турибдилар. Зайд розияллоҳу анҳу бундан хижолат бўлиб: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари, нега бундай қилдингиз? Агар одам жўнатканингизда, ўзим уйингизга борар эдим. Сиздек улуғ зотларга биз бориб дарс беришимиз керак эди-ку!» дедилар.

Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу юксак одоб билан: «Йўқ, илм ўрганувчи киши устозлар эшиги олдига боришга буюрилгандир», деб жавоб бердилар.

Шундай экан, ҳар бир шогирд ўз умрида бир ҳарф ўргатган ўқитувчисини, касб-ҳунар ўргатган устозини чин дилдан ҳурмат қилиши, уларнинг хизматини қилиб, ҳақларига дуойи хайрлар қилиши лозим. Устознинг ризолиги ва дуоси — шогирднинг икки дунё саодатига эришиши учун муҳим калитдир.

Аллоҳ таоло бизга таълим берган, маърифат ва касб-ҳунар ўргатган барча устоз ҳамда мураббийларимиздан Ўзи рози бўлсин, уларнинг умрларига ва илмларига барака берсин!

Каримжон Ғаппаров,
Наманган тумани «Мулла Гузар Халифа» жоме 
масжиди имом-хатиби