Ақидадан адашмайлик

МУҚАЛЛИДНИНГ ИЙМОНИ БАЁНИ.

МУҚАЛЛИДНИНГ ИЙМОНИ БАЁНИ.

Аллоҳ инсонни ақли билан фикрлаш ва қалби билан ҳис этишга қодир қилиб яратди. Инсонларни турли миллат, турли ирқ, турли элат қилиб яратгани сингари, ақлларини ва зехнларини ҳам турлича қилди. Кимдир илмий сохада илғор, кимдир хунарда. Лекин хаммани ҳам вазияти, имконияти бир ҳил эмас. Шунинг учун ҳам маълум кишилар динни асосини ва ундаги масалаларни атрофлича ўрганиб, ўзгаларга еткизса бу илмларни ўрганиш қолганлардан соқит бўлади. Ўргатган кишига эргашиш мумкин бўлади. Бунга илмнинг фарзи айн ва фарзи кифояга бўлиниши далолат қилади. 

Баъзи инсонлар борки диний амалларда маълум бир олимни танлаб, барча амалларда унга эргашади. Ўзи илм олгани имкон, шароит ёки ўзида лаёқат бўлмайди. Бу тоифа инсонларга қандай эътибор қилинади?. Ўрганамиз...

Ҳар бир мўмин банда диннинг асоси бўлган эътиқод масалаларини билиши лозим. Эътиқод масалаларида ихтилоф кам бўлгани эътиборидан уларнинг асосийларини билиб олиш қийин ҳам эмас. Қолаверса, ҳар бир соғлом табиатли кишининг табиий сезгисида ҳам бу нарса мавжуд. Бунга қуйидаги ривоят далил бўла олади: “Бир аъробий кишидан Аллоҳ таолонинг борлигига далил сўралди. Шунда у: “Бир дона қил катта туяга далолат қилади, қайси бир тезак эшакларга далолат қилади, қадамларнинг излари ўша ердан ўтган кимсага далолат қилади, шундай экан, юлдузларга тўла осмон, далаю яйловларга тўла ер, тўлқинланиб турувчи денгизлар барча нарсаларни Билгувчи, ҳамма нарсага қодир Зотга далолат қилмайдими”, – дея жавоб берди” . 

Муқаллид иймонининг эътибори йўқ дейдиганлар ушбу каби далилларни келтиришиб, модомики, тақлид қилувчи Аллоҳни танимас экан, У ҳақида тафаккур қилмас экан, иймони эътиборли ҳисобланмайди, дейдилар.

Муқаллиднинг иймони эътиборлидир, дейдиганлар кўплаб ҳам ақлий, ҳам нақлий далилларни келтирганлар.  Хулосалари шуки, иймон бу мутлақо “рост деб билиш”, “тасдиқ қилиш” каби маъноларни англатади, шу маънода бировга бир хабар берилса-ю, у ўша хабарни қабул қилса, шу хабар тўғрисида унинг мутлақо билими бўлмаса-да, “рост деб билди”, “тасдиқлади” дейилади-ку. Ана шу маънода бир кишига иймонни юзага чиқарувчи калима айтилган пайтда уни тасдиқласа, у мўмин бандага айланади ва Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ваъда қилган нарсаларига ҳақдор бўлиб қолади. Яъни билиш билан тасдиқлаш бошқа-бошқа нарсалардир. Масалан, аҳли китоблар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни,  аслида, ўз болаларидан ҳам кўра яхшироқ таниганлари, аммо у зотни тасдиқламаганлари Қуръони каримда баён қилинган: “Биз китоб берган ўша (золим кимса)лар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар”  .   

 Шу маънода биров шаҳодат калимасини айтса, агар олам ва унинг Буюк Яратувчиси тўғрисида мутлақо тафаккур қилиб кўрмаган бўлса-да, унинг иймони эътиборли ҳисобланади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз шаҳодат калимасини айтган аъробийларни ҳам мўминликка ҳукм қилганлар. Бу эса уларнинг иймонлари зоҳиран эътиборга олинишига ва қалбларининг қандай экани Аллоҳга ҳавола қилинишига далолат қилади.

Сирожиддин Уший айтадилар: Муқаллиднинг иймони қиличнинг темиридик (ёрқин) далилларнинг турлари билан эътиборлидир. Муқаллид – у билимсиз омий кишининг олимга илми, тақвоси ва эътиқоди сабабли эргашувчидир. Шаръий ишларда иккиланиш ва тараддудларсиз жазм йўлига кўра эътиқод қилинади, шунинг учун илмсиз кишига  тақлид жоиз бўлади. Илмсиз кишининг  ҳолатига ўхшаган илм толибларидан бўлган кимсалар ҳам модомики ижтиҳод чегарасига етиб бормаган бўлсалар, уларга тақлид жоиз бўлади. Демак тўрттала имом наздида тавҳид борасида, дин ишларида тақлид қилиш саҳиҳ имондир! 

Абу Ҳасан Рустоғний ва Абу Абдуллоҳ Ҳалимий бундай дейишади: “Мўмин барча масалаларни ақлий далил билан билиши шарт эмас. Аллоҳ таолони таниганидан сўнг эътиқодини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларига асосласа, эътиқоди тўғридир. Мўминнинг имони дуруст бўлиши учун шу етарлидир. Чунки имон тасдиқ ва иқрордан иборатдир”.

 

Манбалар асосида тайёрланди
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме 
масжиди имом-хатиби