Байрам ва марака маросимлари

МУАЛЛИМЛИК МАҚОМИ ЭНГ БУЮК МАҚОМДИР.

МУАЛЛИМЛИК МАҚОМИ ЭНГ БУЮК МАҚОМДИР.


Устоз – муаллимсиз  қолганда  замон, 
Нодонликдан   қаро  бўларди  замон.

Абдураҳмон  Жомий

Муқаддас Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Муаллимлик мақоми энг буюк мақомдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш Пайғамбарлар ҳам муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, яхшиликни ургатганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устоз мураббийлик қай даражада юксак мартаба эканлигини билдиради.

Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устоз мураббийнинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устоз мураббийлар бежизга «Пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар. Қуръони Каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устоз мураббийларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

“….Аллоҳ Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража (мартаба) ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амалдир. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз хисобланади. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

«Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги   чумоли   ва  ҳаттоки   балиқгача   одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб кузи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар килади.

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш фойдасиздир.

Инсон учун устозининг фазли отасининг фазли билан бир эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, ота фарзандини тугилишига, дунёга  келишига сабабчи бўлган бўлса, устоз унинг дунё ва охират хаётида муносиб урин эгаллашида етук шахс булиб шаклланишида хизмат қилади.

Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам бизда шогирдларига илм – хикматни танитувчи устоз мураббийлар ҳурмат қилинган.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом Бухорий ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уринларидан туриб уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар.

Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний-дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Илм бебаҳо бойлик, уни эгаллаш осон иш эмас. Уламолар илм олишни игна билан қудуқ қазишга ўхшатишган. Инсон шундай бебаҳо хазинанинг соҳиби бўлишида устознинг ўрни беқиёс.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бир ҳадиси шарифда ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: «Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари инсонларга яхшилик ўргатувчи киши ҳақига саловат-дуо айтиб турадилар”, деб марҳамат қилганлар.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” — деган ҳикмат бежиз айтилмайди.  Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини тугри англаб етганлар ва шунга кўра амал қилганлар.  Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у устозим, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтлари:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Шундай экан ўқувчи ёшлар, толиби илмлар ва барчамиз устоз мураббийларни қадрлаб, доимо уларга ҳурмат-иззат икром кўрсатишимиз керак. Толиби илм одобларига риоя қилган талаба ҳақиқий маънода устозларини ҳурмат қилган бўлади ва олаётган илму ҳунари самарали бўлиб, вужудига сингади ва келажакда манфаатли бўлади.

Росулхон Қориев,
Поп тумани “Ғойиб ёронлар жоме 
масжиди имом-хатиби