Жамият аъзоларига муносабат

МУҲАББАТНИНГ ИСБОТИ — ИТОАТ

МУҲАББАТНИНГ ИСБОТИ — ИТОАТ

«Манзилга муҳаббат билан чиқиб, итоат билан етасиз. Агар итоат бўлмаса, демак, муҳаббат билан йўлга чиқмагансиз».
    Бу оддий ибора эмас. У муҳаббатнинг ҳақиқий мезонини очиб беради. Чунки муҳаббат даъво билан эмас, итоат билан исботланади.
    Бугун «Аллоҳни севаман», «Расулуллоҳни яхши кўраман», деган сўзларни кўп эшитамиз. Аммо бу сўзлар ҳаётимизда қанчалик акс этмоқда? Муҳаббат тилда бору, амалда йўқ бўлса, у муҳаббат эмас, даъводир.
    Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Айтинг: “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ ўта мағфиратли ва меҳрибондир”». (Оли Имрон сураси, 31-оят).
  Бу оят муҳаббатнинг мезонини белгилаб берди: эргашиш ва итоат қилиш. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашса, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлади. Ким эргашмаса, муҳаббат ҳақидаги даъвоси синовдан ўтмайди.
   Афсуски, бугун айримлар муҳаббатни ҳиссиёт билан ўлчайди. Кўз ёши тўкади, шеърлар ўқийди, мадҳлар айтади, аммо фарз намозини енгил санайди. Суннатга муҳаббат ҳақида гапиради, лекин суннатга амал қилиш оғир келади. Бу эса муҳаббат эмас, нафсни алдашдир.
   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирортангиз мен унга отаси, фарзанди ва барча одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунча, комил мўмин бўла олмайди». Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
   Бу муҳаббатнинг белгиси эса У зотнинг сўзлари ва суннатларини ҳаётга татбиқ этишдир.
 Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менинг барча умматим жаннатга киради. Фақат бош тортганларгина кирмайди». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» — деб сўрашди. У зот дедилар: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, ана ўша бош тортган бўлади». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Имом Бухорий ривоят қилган.
    Демак, жаннатга олиб борадиган йўл ҳам муҳаббатдан эмас, муҳаббат туфайли юзага келган итоатдан бошланади.
   Муҳаббат инсонни ўзгартиради. Агар ўзгартирмаган бўлса, демак, у ҳали ҳақиқий муҳаббатга айланмаган. Онасини яхши кўрган фарзанд уни ранжитмасликка ҳаракат қилади. Устозини ҳурмат қилган шогирд унинг насиҳатини тинглайди. Роббисини севган банда эса Унинг амрини устун қўяди.
   Баъзан биз динни яхши кўришимизни айтамиз, лекин дунёвий манфаат билан дин ўртасида танлов бўлса, дунёни танлаймиз. Ҳалол қийин келса, ҳаромга ён босамиз. Бу ҳолат муҳаббатнинг заифлигини кўрсатади.
    Ҳақиқий муҳаббат қурбонлик талаб қилади. Нафс хоҳиши билан Роббининг буйруғи тўқнаш келганда, Роббисининг розилигини танлаган инсон муҳаббатини исботлаган бўлади.
     Шунинг учун ҳам ўзимиздан сўрайлик:
     Биз Аллоҳни севамизми? Унда нега баъзи буйруқларини кечиктирамиз?
  Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрамизми? Унда нега суннатларини ҳаётимизда тўлиқ кўрсатмаймиз?
     Муҳаббат оғизда эмас, амалда кўринади. Итоатсиз муҳаббат — илдизсиз дарахт каби.
     Унинг меваси ҳам, сояси ҳам бўлмайди.
      Манзилга муҳаббат билан чиқилади, аммо унга фақат итоат билан етиб борилади.

Жаъфархон Суфиев 
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме 
масжид имом хатиби