Жаҳолатга қарши маърифат

МИССИОНЕРЛИК

МИССИОНЕРЛИК

Миссионерлик- лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдирадиган сўздан олиниб, ўз динини бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш сохасидаги ҳаракатни билдиради. Миссионерлик билан асосан католик ва протестант йўналишидаги ташкилотлар шуғулланадилар. Тўғрисини айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир. Эътибор  бериш лозимки даъват (насиҳат) бошқа, миссионерлик бошқача нарсадир. Бир дин вакилининг ўз қавмига хитоби даъват  бўлиб, қонун доирасида ҳар бир инсон буни амалга ошириши мумкин. Аммо бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қилинган харакати эса — миссионерликдир ва бу қонун билан таъқиқланади. Афсуслар бўлсинки, охирги пайтларда баъзилар муқаддас  Ислом динини қўйиб, бошқа динни қабул қилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу ҳолатга бепарво бўлиб турилса, миллат барқарорлигига таҳдид солинишига лоқайд турган бўламиз. Миссионерлар қаерда ўзга дин вакиллари ораси фаолият олиб борган бўлсалар ўша ерда барқарорлик бузилган ахоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишлар келиб чиққан. 

Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:

1. Аҳолини христианлаштириш орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан Ғарб давлатларига қарам қилиш. 

2. Одамларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларнинг ўз динидан чиқариш, ёки ҳеч бўлмаганда динсиз қолдириш.

3. Аввалда христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкам туришга чорлаш ва уларнинг сафини янги христианлар билан тўлдириш. 

Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаланадилар, моддий рағбатлантириш ва турли макр-ҳийла йўллари билан фаолият олиб борадилар. 

Уларга эргашиб кетаётганларни кузатадиган бўлсак,биринчидан муқаддас ислом ҳукмларидан бехабар бўладилар.

Ёки атрофимиздаги биз хабар олмай ўз ҳолларига ташлаб қўйган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган оила вакиллари бўладилар. Миссионерлар уларнинг ҳолидан хабар олиб моддий маънавий ёрдам кўрсатадилар, имкониятдан фойдаланиб муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқаришга ҳаракат қиладилар. Юртбошимиз томонидан маҳалладаги муҳтож ва кам таъминланганларга алоҳида эътибор кўрсатилиб камбағалликдан чиқариш ҳаракати олиб борилаётгани —миссионерлик ҳаракатига қарши курашнинг самарали тури бўлди десак адашмаган бўламиз. Имом хатибларимиз томонидан ҳам бу борада ҳомийларни жалб қилган ҳолда муҳтож, якка ёлғиз, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олинмоқда. Бироқ бу эътиборга қарамасдан диндан воз кечиб кетаётганларга қарата Аллоҳ таоло  Қуръони каримда шундай дейди:

“Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда абадий қолурлар” (Бақара; 217- оят)  

Шу ўринда туманларимиздан бирида бўлган воқеани эсга олсак: Бир неча марта жиноят қилиб жазо муддатини ўтаб чиққан шахс уйига қайтади.Табийки,бундай жиноятчидан  ҳамма ўзини олиб қочади.

Миссионерлар буни ғанимат билиб, кўнглига қўл солиб дардини тинглашади. Моддий  ёрдам кўрсатишади,  яқинларидан кутмаган муомалани қилиб ўзларига маҳлиё қилишади, аста-аста динларига ўтказиб худди ўзига ўхшаб динини йўқотган бир қизга уйлаб ҳам қўйишади. "Миннатдор" йигит қишлоқда миссионерлар қўйган вазифани астойдил бажаришга киришади, бир неча оилани заҳарлашга ҳам эришади. Лекин жазони ўташ масканларида орттирган касали туфайли вафот этади. Энди унинг ўлигини сарсон бўлишини кўринг. Жанозасига махалладошлар, қариндошлар, биронтаси келишмайди. Майитни қабристонга кўмишга халқ кўнмайди, охири қабристон ташқарисига бежаноза кўмишга мажбур бўлишади. Христианликка мойил бўлиб исломга терс қараётганлар буни кўриб дарҳол ўзларини йиғиштириб оладилар. 

 Ҳа, бу дунёнинг арзимас "роҳатлари" учун имонини, охиратини сотган кимсалар дунё ва охиратда хор ва шарманда бўладилар.    

Адҳамжон Абдурахманов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме 
масжиди имом ноиби