Инсон ўз айбини, ноқислигини ойнада қандай кўрса, мўъмин мўъмин биродари учун ҳам шундай. Ойнага қарамасдан киши юзидаги айбини кўролмаганидек, мўъминлар ҳам ўзаро муносабатлар қурмасалар, бир-бирларидан хабардор бўлолмайдилар. Ислом жамият ҳаёти билан барҳаёт, шунинг учун “дин насиҳатдир” ҳукми барқарордир.
Мўъмин иши ғоят соф ва жозибали бир кўзгу каби бўлиши керакки, шояд унга қараган бошқа мўъминлар ўз айбу қусурларини кўриб, ўзларини тузатсинлар. Бу ҳам мўъмин кишининг камолотига боғлиқдир. Маънан баркамол бўлмаган жоҳил, хулқи бузуқ кимсалар бундай соф кўзгу бўлолмайдилар. Мўъминар улардан ҳам сабоқ олиб, камолот касб этишлари лозим.
Луқмони Ҳакимдан: “Адабни қаердан ўргандинг?” деб сўраганларида: “Адабсиздан” деб жавоб берган экан.
Ахлоқи Муҳаммадийга эришмаган қабиҳ табиатли, ҳирсга берилган, ҳасадгўй, жаҳлдор, мутакаббир, худбин, дунёпараст кимсаларнинг Расулуллоҳнинг ноиблари бўлишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ. Бу муборак мақомни ноҳақ суиистеъмол қилишга мусулмон инсонни асло ҳаққи йўқ.
Ҳадиси муборакда;
“Мўъмин мўъминнинг кўзгусидир. Ва мўъмин мўъминни орқасидан ҳам ҳимоя
қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”5.
Мўъмин биродари учун бир ойна эканингни унутмаслиги лозим! Мўъминни сиймосида кўрган нарсаси (яхшилик ва ёмонлик) мўъминга кифоядир.
Мўъмин мўъминнинг биродари эканлиги муборак Қуръони карим ояти билан собит бўлган. Исломий биродарлик туғишган ака-ука бўлишдан ҳам қийматлироқдир. Зинҳор биродари шаънига ёмон сўз айтмаслик, хато-ю камчиликлари туфайли унга қора чапламаслик лозим. Инсон ўз ака-укасини қандай ҳимоя қилса, диндош биродаринг шаънини ҳам шундай асраши, ҳурмат қилши керак. Доим қўлидан тутиши, ёрдамга муҳтож бўлганида ҳолини арз қилишини кутиб турмасдан ёрдам бериш мўъминли бурчидир. Йўқса катта хато қилган бўлади.
Мўъмин киши биродарига қаерда дуч келса, унинг ҳолини сўрайди. Кези келганда, унинг яқинларини ҳимоя қилади. Шу зайлда биродарининг дунёсини ҳимоя қилар экан, маънавиятини ҳам муҳофаза қилади. Унинг ёмон жойларга боришига йўл қўймайди, гуноҳ ишлар қилишига асло рози бўлмайди. Уни ҳеч вақт ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Доим унинг саодати ва омонлиги учун жон куйдиради.
Ана шу юксак фазилатларга эга бўлган кишигина ҳақиқий ва комил мўъмин бўла олади.
Ушбу хусуслар орқали мўъмин кишининг иймони нечоғли мустаҳкам экани билинади. Ҳар биримиз мазкур сифатлар билан сифатлансак, комил мўъмин даражасига етган бўламиз.
Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби