Таълим тарбия

МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ

МЕҲМОНДОРЧИЛИК ОДОБЛАРИ

   Динимизда меҳмондўстлик ва саховат энг мақталган ҳислатлардан биридир. Ўз уйида яқинлари, қўшнилари, ёру-дўстлари ёки шулардан бошқа бирор кишига зиёфат бермайдиган инсон бўлмаса керак. Шунга кўра, меҳмондорчилик одоблари муқаддас ислом динида энг аҳамиятли одобларидан ҳисобланади. 

Ҳадиси шарифларда меҳмонни эҳтиром қилишни имоннинг аломатларидан экани таъкидланади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин!”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу набавий таълимот жамиятдаги инсонларни бир-бирлари билан боғлаб турадиган ҳамда уларни ораларидаги дўстона муносабатларни қамраб оладиган кўрсатмадир. Биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз бу кўрсатмага оғишмай амал қилганлар. Шу сабабли қадим-қадимдан то ҳозирги кунимизгача ўзбек халқи ўзининг меҳмон дўстлиги билан бошқа халқларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Динимиз меҳмондорчиликда ҳар икки тараф – меҳмон ва мезбон учун лозим бўладиган одобларни шариатга киритган. Меҳмон ва мезбонга зиёфат ўз самарасини бериши учун, ушбу одобларга риоя қилишлик лозим бўлади. Биз мезбонга тааллуқли бўлган одоблар ҳақида сўз юритамиз:

Биринчи одоб – яхши ният қилиш:

Ушбу одоб, зиёфат соҳибининг ўз ёру дўстларига берган зиёфатида, уларга берган таомида ва чиройли кутиб олишлигида ажр олишни ният қилиш билан бўлади. Шунингдек, меҳмон ҳам мезбоннинг чақириғига лаббай деб, ўз дўстини зиёрат қилишда ажр олишни ният қилади. Натижада, уларнинг ҳар бири ушбу қилган амалларига ажр оладилар.

Иккинчи одоб – меҳмонни чиройли кутиб олиш:

Зиёфат соҳибига ўз меҳмонини табассум, очиқ чеҳраллик, шунингдек, хурсандчилик ва хушхабар иборалари билан кутиб олишлиги лозим бўлади. Бу эса, уларнинг қалбларини хушнуд қиладиган амаллардан ҳисобланади. Инсонларнинг юзига табассум қилиш ҳам садақадир. Зеро, Абу Зарр разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: Дўстингизни юзига табассум қилишингиз ҳам, сиз учун садақадир, – деб марҳамат қилганлар.

Учинчи одоб – меҳмонни муносиб ўринга ўтқизиш:

Бу эса, хонадон соҳиби ўз меҳмонларини муносиб бир маконга ўтқазиши меҳмоннинг ҳурматидир. Ана шунда, улар мажлисда хотиржам ўтирадилар. Ўша жой мезбоннинг аҳли байтларини очиқ кўрсатиб турадиган макон бўлмаслиги ёки у ер меҳмонга нохуш ҳидлар келадиган ва шунга ўхшаш ноқулайлик келтирадиган жой бўлмаслиги керак. 

Тўртинчи одоб – меҳмоннинг вақтини риоя қилиш ва уни ҳурмат қилиш:

Хонадон соҳибига меҳмонни кўп ушлаб қолиб, унинг вақтини олмаслиги, масалан, ичимлик, егулик ва шунга ўхшаш нарсаларни кечиктирмаслиги ёки секин ҳаракат қилиб, меҳмонни қайтиб кетишликка ўйлантириб қўймаслиги лозим бўлади. 

Бешинчи одоб – меҳмони учун ортиқча машаққатни ўз зиммасига олмаслик:

Хонадон соҳибига меҳмонларга тоқатидан ортиқ ҳаракат қилмаслиги ёки меҳмонини ҳурмати учун кўп нарсаларни ўзига юклаб олмаслиги керак. Балки, уларни ҳурмат қилиш билан бирга уларга ўзида бор нарсаларни имконият чегарасида тақдим қилиши лозим бўлади. Чунки Иброҳим алайҳиссалом ҳам ўз меҳмонларига семиз бузоқни сўйдилар ва пишириб, уларнинг олдиларига қўйдилар. У зот ўзларида бор энг яхши нарсани келтирдилар. Лекин, инсон ўз уйида меҳмони учун инфоқ-эҳсонда кўп оғирликни ўз зиммасига олиб, ўзини машаққатга қўйишлиги мажбурий эмас. Чунки унда нафсга машаққат ва унга тоқатдан ортиқ нарсани юклашлик бўлади ва бу иш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам, у зотнинг саҳобаи киромларининг ҳам тутган йўллари эмас, албатта. Қолаверса, буни одат қилиб олишлик, меҳмон кутиб олишни ёқтирмасликка сабаб бўлади. Бу эса яхши ахлоқдан эмас. 

Олтинчи одоб – меҳмоннинг ҳаққини беришлик:

Меҳмон бўлиш суннатга кўра бир кеча кундуз, меҳмон кутиш уч кеча кундуз бўлиши жоиз бўлади. Ундан ортиқ бўлиши мажбурий эмас. Аммо ундан ортиқ бўлиши мезбонга садақа бўлиб ёзилади.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан меҳмоннинг ҳаққи ҳақида сўралганда, у зот: “Уни бир кеча кундуз икром килади, унга туҳфа беради ва кўпи билан уч кун зиёфат қилади” деганлар”.

Еттинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонларга айнан ўзи хизмат қилиши:

Ривоят қилинишича, бир кеча халифа Умар ибн Абдулазизнинг уйига меҳмон келди. Чироғнинг ёғи тугаб, ўчай деб қолган эди. Меҳмон чироқнинг ёғини тўлдириш учун ўрнидан турганида Умар ибн Абдулазиз бунга ижозат бермай,: “Меҳмонга иш буюриш мурувват (одамгарчилик)дан эмас”, дейдилар. Меҳмон хизматкорларни уйғотмоқчи бўлганида, Умар ибн Абдулазиз: “Улар энди ухлаганлар, уйғотманг”, деб ўзлари турдилар ва чироқни тузатиб ёндириб қўйдилар. Шунда меҳмон: “Сиз ўзингиз хизмат қиласизми, ё Амирал мўъминин”, деб сўради. Умар ибн Абдулазиз: “Чироққа ёғ солишга борганимда Умар эдим, қайтиб келганимда ҳам ўша Умарман (яъни мендан ҳеч нарса камайгани йўқ). Аллоҳ таолонинг ҳузурида одамларнинг яхшироғи камтаринларидир”, дедилар.

Саккизинчи одоб – меҳмонга у меҳмон бўлиб туриш вақтида яхшиликлар қилиш:

Ушбу одоб, меҳмонга ухлаши учун болаларнинг шоқин-суронидан панароқда бўлган тўла-тўкис муносиб бир ўрин тайёрлаб бериш, унга покиза сочиқни тақдим қилиш, унга ёстиқ тутиш, ҳаммомни унга тайёрлаб қўйиш, ҳушбўйликларни яқин қилиш, ўзига қараб жамолини кўриш учун кўзгу ва яна шунга ўхшаш нарсаларни тақдим қилишдир.

Тўққизинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонни бирга эшиккача кузатиб чиқишлиги:

Агар, меҳмон кетишликни хоҳласа, хонадон соҳибининг ўзи ҳам ҳовлининг дарвозасигача унга қўшилиб, бирга кузатиб чиқишлиги лозим бўлади. Бу эса, меҳмонни улуғлаш ва уни ҳурмат қилишдир. Меҳмон кетишликка изн сўраб турганда, хонадон соҳиби ўз жойидан қимирламай ўтиравермаслиги керак. Балки уни кузатиб, ортидан ўзи ҳам чиқади.

Ўнинчи одоб – меҳмон кетишидан олдин эшикни ёпиб, кириб кетмаслик:

Меҳмонни эшик олдига кузатиб, хонадон соҳиби меҳмон маркабига миниб ёки юриб кетмагунича уйига кириб, эшигини қулфлаб олмайди. Чунки бу кутиб туришлик меҳмонни улуғлаш, уни ҳурмат қилиш ва унга илтифот кўрсатишдир. Мусулмон кишига бу одобларга беэътибор бўлишлик дуруст бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни меҳмондўстлик талабларига тўлиқ риоя қилувчи солиҳ бандалардан қилсин. Меҳмоннавоз юртимизни ҳамиша тинч ва обод айласин!

Жобирхон Халимхон ўғли

Наманган тумани “Турсун ача” жоме
масжиди имом хатиби