Саҳобаи киромлар билмаган нарсаларини тўғридан-тўғри Пайғамбар алайҳиссолату вассаломдан, у зотдан кейин эса Хулафои рошидинлардан сўраб-билиб олишган. Аслида мазҳаббошларга бўлган эҳтиёж Мадина давридаёқ сезила бошлаган эди. Мадинаи мунавварада бир юз йигирма мингга яқин саҳоба ҳаёт кечириб турган пайтда ҳам ораларида фиқҳий савол пайдо бўлса, ҳамма ҳам фатво бера олмас эди. Бундай масалаларга асосан Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар каби пешқадам ва олим саҳобалар (розияллоҳу анҳум) ҳамда Саид ибн Мусаб каби улуғ тобеинларгина жавоб беришган.
Ислом дини дунё бўйлаб кенг ёйилиб, турли минтақалар ва арабий бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўла бошлагач, улар учун Қуръони карим ва Суннатдан шаръий ҳукмларни бевосита ажратиб олиш мураккаблаша борди. Шунингдек, турли минтақалардаги шароитларнинг хилма-хиллиги ҳам шариат масалаларида табиий фиқҳий тафовутлар ва ижтиҳодларнинг юзага келишига сабаб бўлди.
Шундай қилиб, жамиятда мусулмонларга диний аҳкомларни мукаммал ўргатадиган, уларнинг саволларига тўғри жавоб бера оладиган, муайян чуқур илмга эга бўлган забардаст олимларга эҳтиёж тобора ортди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг — биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг бошларида турли диёрларда мураккаб диний-ҳуқуқий масалаларни ечиб бера оладиган буюк мужтаҳидлар етишиб чиқди. Натижада Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (роҳимаҳумуллоҳ) каби зотлар бугунги кунимизгача етиб келган тўрт аҳли суннат фиқҳий мазҳабига асос солдилар. Мазкур мазҳаббошилар эътиқод ва ибодат масалаларини Қуръони карим ҳамда Набавий суннат асосида маълум шаръий қоида ва манбаларга солувчи тизим ҳолига келтиришди.
Пайғамбар алайҳиссалом, тўрт халифа, саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар ва тўрт мазҳаб имомлари эътиқод ва ибодатда мустаҳкам Суннатга таянганлари учун «Суннийлар» ёки «Аҳли сунна вал жамоа» деган шарафли ном билан аталганлар. Ўн икки асрдан зиёд давр мобайнида бутун дунё мўмин-мусулмонлари мазкур мазҳаблар кўрсатмаларига амал қилиб, эътиқод ва ибодатларида бардавом бўлиб келмоқдалар.
Бироқ бугунги кунда пайдо бўлган «сохта салафийлик» ғояси тарафдорлари Ислом уммати қадим-қадимдан амал қилиб келаётган ақидавий ва фиқҳий мазҳабларни инкор этиб: «Мазҳаб тузиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг даврларида йўқ эди, шундай экан, биз мазҳаб эгаларининг айтганига эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак», деган пуч ва хатарли даъвони илгари суришмоқда.
«Сохта салафийлар»нинг асосий ғояси — Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардан фақат сўзма-сўз (зоҳирий) маъно чиқариб, ўша маънога кўр-кўрона амал қилиш ҳамда асрлар давомида шаклланган шаръий манбаларни ботилга чиқаришдир. Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ Қуръон оятларининг фақат зоҳирига қараб ҳукм олиш борасида шундай деганлар:
«Қуръондаги ҳамма нарсани ҳам зоҳирига қараб шарҳлаш мумкин эмас, чунки Қуръонда кўп ўринларда оятларнинг зоҳири бошқа маънони, ботини бошқа маънони англатади. Аллоҳдан қўрқинг! Қуръонни фақат ўз раъйингиз (шахсий фикрингиз)дан келиб чиқиб шарҳламанг».
«Мазҳабсизлик» ғояси тарафдорлари худди зарарли компьютер вируси каби юртимиз мусулмонларининг Ҳанафийлик мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик бой тарихи ва аҳлоқий қадриятларини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзларининг ғаразли ғояларини юкламоқчи бўладилар.
Биз аждодларимизнинг шонли ва мустаҳкам йўлидан ҳеч қачон воз кечмаймиз! Агар уларнинг асоссиз сафсаталарига қулоқ соладиган бўлсак, Исломнинг 12 асрлик бой тарихидан воз кечган, «Аҳли сунна вал жамоа»нинг минглаб забардаст уламолари томонидан ёзилган ноёб асарлардан бебаҳра қолган ва аҳил мусулмонлар орасига нифоқ солган бўламиз. Мазҳабсизликни тарғиб қилувчиларнинг асл мақсади ҳам халқ орасида парокандалик (тафриқа) келтириб чиқаришдир.
Зинҳор ва зинҳор ватанимиз мўмин-мусулмонлари бу каби сохта даъволарга алданиб қолмасликлари лозим. «Жиҳод», «шаҳидлик», «ҳижрат», «такфир» каби сирти ялтиратилган, аслида эса вайронкор ғоялар таъсирига тушиб қолган баъзи ҳамюртларимизнинг ёт юртларда сарсону саргардон бўлиб азоб чекканлари, қанчадан-қанчаси бекафан ўлиб кетгани, оилалар пароканда бўлиб, зор йиғлаб қолгани ва уларнинг бир қанчаси Муҳтарам Юртбошимизнинг инсонпарварлик ташаббуслари билан Ватанимизга қайтариб олиб келингани ҳали эсимиздан чиққани йўқ.
Бас, шундай экан, биз аждодларимизнинг пок йўлини маҳкам тутиб, эътиқодда Имом Мотурудий, ибодат ва фиқҳда Имом Абу Ҳанифа (Имом Аъзам) мазҳабларида мустаҳкам туриб, «Аҳли сунна вал жамоа» йўлини ҳеч қачон тарк этмаймиз!
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жамоатдан бир қарич ажралса, батаҳқиқ, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган бўлади»,
деб огоҳлантирганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Жумҳур уламолар наздида «жамоат»дан мурод — тўрт фиқҳий мазҳабни ўз ичига олган «Аҳли сунна вал жамоа»дир. Бу тўрт мазҳаб бутун дунё мусулмонларини асрлар давомида бирлаштириб келаётган ягона ва тўғри йўлдир.
Бемазҳаблик хатари ҳақида Ислом оламининг машҳур олимларидан бири Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган эдилар:
«Бемазҳаблик — динсизликка олиб борувчи хавфли кўприкдир».
Исоқжон ЙЎЛДОШЕВ,
Косонсой тумани «Абдулҳайхон» жоме
масжиди имом-хатиби