Жаҳолатга қарши маърифат

МАЗҲАБНИ ПАЙДО БЎЛИШИ

МАЗҲАБНИ ПАЙДО БЎЛИШИ

Барчага маълумки ҳар бир мўмин-мусулмонликни даъво қилувчи киши учун Ислом тарихини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини мукаммал билмоғи лозим. Ислом тарихига назар соладиган бўлсак,  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мазҳабга эргашиш деган тушунча бўлмаган. Агар саҳоба розиллаллоҳу анҳумлар мабодо, бирор-бир оят ёки ҳадиси шариф ҳусусида ихтилоф қилиб қолсалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари дарҳол ана шундай ихтилофларга барҳам берар эдилар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, илми, имконият доираси кучлилиги билан ажралган саҳобалардан фатво сўрашлик ва даврлар ўтиши билан саҳобалардан кейин тобеъинлар даврида баланд даражаларга етган улуғ мужтаҳид уламолар етишиб чиқди. Аммо уларнинг сони озлиги сабабли қолаверса омма халқнинг барчалари ана шундай мужтаҳидлик даражасига етиша олмаслиги натижасида анашу мужтаҳидларга эргашмоқликдан ўзга чора қолмаган эди. 

Кўриниб турибдики мазҳабнинг келиб чиқиши ва унинг кенг тарқалиши зарурий ҳолат бўлган. Бироқ, охирги асрларда мазҳабни қораловчи, мазҳаббоши уламоларни ҳар-хил ёмон сўзлар билан хақоратловчи ва мазҳабга эргашган тўғри йўлдаги мусулмонларни танқид қилувчи тоифалар пайдо бўлди. Натижада  ана шундай мазҳабсизлар уммат орасида тинчлик ва ҳотиржамликни барбод қилиб, уларнинг орасига тафриқа солишди. Уларнинг даъволарини яхши билишлик ва уларга қарши  раддия билдира олишлик бугунги кунда ислом оламидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Аслида, Исломнинг олий мақсадларидан бири ҳам шу-тарқоқ ва ўзаро адоватга берилган умматни бирлаштириш, дўстлаштириш эди. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:  “Барчаларингиз Аллоҳнинг арконини маҳкам ушланглар, айрилманглар. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тариқа баён этади”. Шоядки ҳидоят топсангиз.

Исломдан аввал бу уммат ўзаро адоват ва душманчиликка берилган, худди оловли жар ёқасига  келиб қолган, аянчли оқибат кутиб турган пароканда ҳолда эди. Лекин Ислом бу умматни бирлаштирди. Аллоҳнинг фазли ила улар бир-бирлари билан дўсту биродар бўлди. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайи ва саллам атрофларида жамланишди. Саҳобалар бир-бирларига меҳрибон, самимий инсонлар эди. Исломий тарбияси уларни худди ака-укадек яқин қилди. Ўзлари учун раво кўрган ҳар турли яхшиликни бир-бирларига илинар эдилар. Уларнинг орасида бир-бирларини залолат ва кофирликда айблайдиганлари йўқ эди.

Аброрҳўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме 
масжиди имом-хатиби