Жаҳолатга қарши маърифат

МАЗҲАБНИ ЛОЗИМ ТУТИШ САОДАТДИР.

МАЗҲАБНИ ЛОЗИМ ТУТИШ САОДАТДИР.

Динимизда ақидавий ёки фиқҳий масалаларда бўлсин ўзаро ихтилофга тушиб, турли фирқа ва гуруҳларга бўлинишдан қайтарилинган. Маълумки, ҳар бир мусулмон Қуръон ва хадисни тушуниш, ундан мустақил ҳукм олиш учун етарли билим ва салоҳиятга эга эмас. Бундай ҳолда у фақатгина шахс камолоти, халқ фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигини кўзлаб ҳукм чиқарувчи мужтаҳидларга эҳтиёж сезади. Шу маънода мужтаҳид уламолар томонидан Қуръон ва хадис кўрсатмалари асосида фиқҳий мазҳабларга асос солиниши бу – мусулмонлар бирлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлашда муҳим омил вазифасини бажарди.

Мазкур услуб шариат кўрсатмаларига риоя қилишда мусулмонлар учун қулайликлар туғдириш билан бирга Қуръон ва хадисга амал қилишда Аҳли суннага зид бўлган адашишликдан ҳам сақлайди.

Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга бўлинади.

Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишдаги турли-туманлилик бўлиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, ҳар хил тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.

Фиқҳий ихтилофлар эса ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга мазҳаблар томонидан турлича ёндашувни англатади. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилмайди. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги унга эътиқод қилувчилар учун кенг имкониятлар туғдиради.

Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш асло мумкин эмас. Бунинг акси ўлароқ фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим деб қаралган. Зеро, мазҳаб – оддий инсонлар учун чигал ва тушунарсиз бўлган фиқҳий масалаларни осонлик билан ҳал этиб унга амал қилиш имконини яратади.

Усулул-фиқҳ уламолари: “Тақлид – шариатга амал қилишда далилни билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини қабул қилиб, амал қилишидир”, – дея таърифлаганлар. Демак, муқаллид, яъни тақлид қилувчи ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб, мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Зеро, Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади: 

“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.

Шу сабабли мужтаҳидга тақлид қилиш лозимлиги саҳоба ва тобеинлар ижмоъси билан ўз исботини топган.

Мирзоҳид Умирзоқов,
Мингбулоқ туман “Топтиқ Азиз” жоме 
масжиди имом хатиби