• Home
  • Раддия
  • МАЗҲАБЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ
Раддия

МАЗҲАБЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ

МАЗҲАБЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИ

Фиқҳий мазҳаблар тарихи Пайғамбаримиз соллал-лоҳу алайҳи васалламнинг даврларига боғлиқдир.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечими ўзларидан сўралар ва У зотнинг сўзлари масалага охирги нуқтани қўяр эди. Лекин ўша пайтда ҳам ижтиҳод бўлган. Саҳбалар У зотга мурожаат қилишнинг иложи бўлмаган-да ёки Мадинадан чиқишганида ижтиҳод қилишган ва Мадинага қайтишганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом-дан масалани жавобини сўрашган. У зот алайҳиссалом ё саҳобаларнинг хатосини тўғирлаганлар ёки уларнинг ижтиҳодларини тўғрилигини тасдиқлаганлар. Баъзан, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бир ишга бу-юрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:

 "Бирор киши аср намозини Бану Курайза-дан бошқа жойда ўқимасин!" (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: "Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз" - деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Бошқа саҳобалар эса: "Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ" - деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ соллаллоху алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.

Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни яманлик-ларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар: "(Уерда сизга) бирормасала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?" деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоху анҳу "Аллоҳнинг китоби ила", - деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва-саллам: "Аллоҳнинг китобидан топа олмасангиз-чи?"-де6 сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоху анҳу: "Расулуллоҳнинг ҳадислари билан" - деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангизчи?" деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: "Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан" -дедилар. Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: "Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин", дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Саҳобалар даври

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ихтилофлар жуда кам эди. Одам-лар билмаган нарсаларини асосан халифалар ва катта саҳобалардан сўрар эдилар. Халифалар қийин маса-лаларни ечиш учун энг билимдон саҳобаларни йиғиб машварат қилишар ва фатво беришарди (Аллоҳ улар-дан рози бўлсин). Кейинчалик саҳобалар турли шаҳар-ларга тарқаб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Хусусан, саҳобалар даврининг охирида аҳвол шундай эди. Шундай қилиб одамлар ишончли манба-дан соф ва тўғри маълумотларни олишарди ва уларнинг сўзига, баъзи масалаларни ҳисобга олмаса, тўлиқ амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада аввал Нофеъ, у кишидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Макка-да Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) фатволарига амал қилинарди. 

Тобеин ва таба тобеинлар даври

Тобеинлар даврида ҳам иш худди мана шундай давом этди. Одамлар асосан саҳобалардан илм олган катта тобеинларнинг фатволарига амал қилишган.

Улардан кейин таба тобеинлар даврида саволлар ва янги ҳодисалар кўпайиб кетди. Фатвога эҳтиёж ортди. Шунда бир қанча катта илм соҳиблари юзага чиқдилар. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоъий,Имом Жаъфари Содиқ, Имом Муҳаммад ибн Боқир, Имом Ал-Лайс ибн Саъд ва бошқалар эди (Аллоҳ улар-ни раҳмат қилсин). Улардан кейин улуғ фуқаҳолар бўй кўрсатдилар. Улар: Имом Шофеий, Имом Аҳмад, Имом Суфён ибн Уяйна, Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Али ибн Мадиний, Имом Довуд ибн Али ва бошқалар эди (Аллоҳуларни раҳмат қилсин).

Юқорида номлари зикр қилинган зотларнинг ўзларигахос ижтиҳодлари бўлган. Улардан бирининг бирор масалада ўз раъй (ёндошув, фикр)и бўлса, буни мазҳаб дейиларди. Уларнинг ҳамма ижтиҳодларини жамлан-масини ҳам мазҳаб деб аталган. Демак, у зотларнинг ҳар бирини ўзига хос ва мустақил мазҳаби (масалани ечиш, саволларга жавоб беришда ўзига хос ёндашуви) бўлган.

Мазҳабларнинг шаклланиши

Вақт ўтиб бу зотлардан кейин шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Баъзи масалаларда устоз-ларининг ижтиҳодларига хилоф қилишган бўлишсада, фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашди-лар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб-қувватладилар. Лекин замонлар ўтиши билан 20 га яқин мазҳаблар ичидан фақат 4 таси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос. Демак, фиқҳий мазҳаблар баъзилар даъво қилгани каби умматнинг бўлиниши эмас балки унинг бирлашиши-дир.

 Сақланиб қолган 4 мазҳаб:

  1. Ҳанафий мазҳаби, асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибнСобит. Куфа шаҳри. (80-150 ҳижрий й./ 699-767 мелодий й.)

Моликий мазҳаби, асосчиси Молик ибн Анас. Мадина шаҳри. (93-179 ҳ.й/ 711-795 м.й.)

  1. Шофеий мазҳаби, асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеий. Ғазо шаҳри. (150-204 ҳ.й/ 767-820 м.й)

  2. Ҳанбалий мазҳаби, асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал. Бағдод шаҳри. (164-241 ҳ.й/ 780-855 м.й) 

Бу мазҳабларнинг сақланиб қолишига асосий сабаб мазҳаб имомининг шогирдлари кўплиги, мазҳаб масалалари китоб шаклига келтирилганлиги, бошқа талабаларга мазҳабнинг фатволари дарс қилиб берилгани-дир.

Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўз-ларининг "Ал-Мийзан аш-шаърония" асарида мазҳаб-лар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: "Мазкур тўрт мазҳабни сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир".

Ҳанафий мазҳаби фатво беришда Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва саҳобаларнинг сўзларидан кейин асосан ижтиҳод (қиёс)га суянганлари учун тарихда уларни баъзилар "Аҳли раъй" деб атаганлар. Лекин ас-лида фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммасини "Аҳли раъй", деганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳанафий мазҳабининг бошланиши Куфа шаҳрида бўлган кейин Ироқ, Шом, Хуросон, Яман ва Мисрга тарқалган. Қирққа яқин олимлар бу мазҳабнинг тарқалишига китоб ёзиб хизмат қилганлар. Улардан энг машҳурлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва бошқалар эди.

Ҳорун ар-Рашид халифаликни қўлга олгач Имом Абу Юсуфни бош қози мансабига кўтаради ва қозиларни тайинлашни унга топширади. Имом Абу Юсуф қозиларни ҳанафий мазҳабидан тайинлар эдилар. КейинчаликУсмонийлар халифалиги даврида ҳам қозилар фақат Ҳанафий мазҳабидан тайинланган. Бу ҳолат Ҳанафий мазҳабининг обрў-эътиборини ниҳоятда оширган. Ҳозирги кунда ҳам Ҳанафий мазҳаби шарқда: Хуросон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Марказий Осиё, Туркияда устун мазҳаб ҳисобланади. Ироқ, Шом ва Миср диёрларида ҳам Ҳанафий мазҳаби тарқалган.

Юнусхон Умаров,

Косонсой туман “Садпири Комил” жоме

масжиди имом хатиби