Раддия

МАЗҲАБЛАРНИ ИНКОР ЭТИШ ХАТАРИ

МАЗҲАБЛАРНИ ИНКОР ЭТИШ ХАТАРИ

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

            Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариши мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, қайси жойда бўлишидан қатъи назар, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшат солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.

            Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган фожиалардан, эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар ҳамда ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқадиган хатарлардан оммани огоҳ этиб туриш бурчимиздир.

1-хатар. Мусулмонни кофир дейиш

            Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор-бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга чиқариш (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблашлари натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрати Али ўлдирилдилар.

            Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламо ва фузалоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларида ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. Имон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз” (“Ақидатут Таҳовий” матни).

            Муаллифнинг: “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

            Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужуоот, 9), деб, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...” (Ҳужуоот, 10) деган.

            Аллоҳ таоло: “Албатта яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Нисо, 114) деган. Бу, мўмин киши яхшилик қилса, ёмонликлари ўчирилади, деганидир.

            Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган:

            “Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз у учун ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” (Имом Бухорий).

            Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофирга ҳукм қилиш учун ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва илм керак. Шунинг учун такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.

            Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади» (Имом Бухорий).

2-хатар. Мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқиш

            Мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтларида ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.

                        Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз:

            “Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатидан бош тормаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз” (“Ақоид” матнлари. Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

            Далил: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо, 59).

            Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга исён қилибди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

3-хатар. Ноҳақ қон тўкиш

            “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо, 93).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

            “Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фа сод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...” (Моида, 32).

            Анасдан(розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар (Имом Абу Довуд).

            Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўлган аҳли сунна ва жамоа эътиқодида собитқадам қилсин.

 

                        Интернет материаллари асосида 

Ҳабибуллоҳ Муминжонов,
Косонсой тумани “Исломхон” жоме 
масжиди имом хатиби