Жаҳолатга қарши маърифат

МАЗҲАББОШИМИЗ ҲАҚЛАРИДА.

МАЗҲАББОШИМИЗ ҲАҚЛАРИДА.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ўз дунё қарашларига эга, ўзига хос мустақил йўлни тутган фақиҳ олим эдилар. Укиши ҳақида айтилган мақтов садолари авлодлар оша жаранглаб У зотнинг сийратларига хуш бўй таратиб келмоқда. Уламолардан бирлари шундай деган эдилар: мен Абу Ҳанифанинг ҳузурларида беш йил бўлдим. У кишидек узоқ сукут сақлайдиган кишини кўрмадим. Агар фиқҳдан бирор савол сўралса, очилиб, селдек қуйилар эдилар. Замондошларидан бири Абдуллоҳ ибн Муборак У зотни: илмнинг мағзи, деб тавсифлаганидек, илмнинг энг тубигача етиб борган эдилар. Масалаларнинг туб моҳиятига етиб борар ва ўзининг усулий қоидаларини шу асосга барпо қилар эди. Замонасида фикри, илми ва илмий мунозаралари билан шуҳрат қозондилар. Мутакаллимлар билан муноқаша қилар, бидъатчи тоифаларнинг ҳавоий ақидаларига раддия берар, турли фирқалар билан мунозара қилар эдилар. У зотнинг калом илми масалаларида ўзига хос қарашлари борлиги маълум. Ҳатто, бу илмда у кишига мансуб рисолалар ҳам мавжуд. У зот фиқҳ, тахриж, ҳадисларни тушуниш, аҳкомларнинг иллатини истинбот қилиш ва унга усулий қоидаларни асослаш борасида юксак мақомга эгадир. Бу ҳақда замондошларидан бири: мен ҳадисни тушуниш борасида ундан яхшироқ кимсани кўрмадим, деганлар.  

 Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ уни уламолар орасида энг чўққига чиқишига сабаб бўлган сифатлар билан сифатланган эди. У саботли, ишончли, кенг фикр юритувчи, ҳақиқатларни илғаб олувчи ҳақ рост олимнинг сифатига эга эди.

У ўзига талабчан, ҳиссиётларини жиловлаб олган эдики, унга қарши айтилган сўзлар уни ўзидан бегона қилмас, ноҳақ айтилган гаплар уни ҳақдан четлата олмас эди. У зот шундай дер эдилар: Эй, Аллоҳим! Кимнинг бизга кўнгли тор бўлса, бизнинг қалбимиз унга ҳамиша кенгдир. Унга ато этилган мустақил фикрлаш қобилияти уни Китоб ёки суннат ёки бирор саҳобанинг фатвосидан бошқага бўй сунишга йўл бермас эдилар. Бу борада унга бировга нисбатан муҳаббат ёки адоват ўз таъсирини ўтказа олмас эдилар.

Масалалар устида жуда чуқур фикр юритар, зоҳирий баҳс юритиш билан кифояланмас, ибораларнинг зоҳирий маъносида тўхтаб қолмас, балки унинг ботиний томонлари устида ҳам фикр юритар эдилар. Эҳтимол, ундаги мана шундай чуқур фалсафий ақл юритиш хусусияти уни илмий ҳаётининг аввалида калом илми билан шуғулланишга, шунингдек, ҳадисларни чуқур таҳлил қилиб, ундаги ҳукмлар қандай иллатларни ўз ичига олганлигини излаб топиш даражасида ўрганишга туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. ҳозиржавоб инсон эдилар. Ҳеч қачон фикрлашдан тўхтаб қолган эмаслар. Рақиби уни қанчалик мот қилишга уринмасин, ундан осонлик билан чиқиб кетишга имкон топар эдилар. Бу борада У зотдан ажойиб ва ғаройиб хотиралар қолган. Ҳаттоки, бу хусусда шундай дейилган: агар у киши бирор ҳукмни исбот қилиш ёки инкор қилишни ирода қилса, албатта бунинг уддасидан чиқар эдилар.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. доимо ҳақ томонида бўлган. У ҳох ғолиб бўлсин, ҳох мағлуб бўлсин унинг мақсади фақат ҳақиқат бўлар эди. Ҳақпарварлиги учун ҳам ўзининг фикрини мутлақ ҳақиқат, деб ўзгаларни уни қабул қилишга мажбурламас эди. Балки: бу гап менинг фикрим, агар бирор киши менинг сўзимдан кўра яхшироқ гап айтса, ана ўшанинг гапига эргашилади, дер эди.

Ушбу сифатлар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ.ни унга етган руҳий ғизодан озиқланиб буюк фақиҳ бўлиб етишишларига сабаб бўлди.

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ бир нечта саҳобалар билан учрашганлар. Жумладан, Анас бин Молик, Абдуллоҳ бин Абу Авфа ва Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳумлар билан кўришган, аммо улардан ҳадис ривоят қилмаганлар. Чунки, улар билан учрашган вақтда у ҳали ёш бола эдилар. Лекин, уламолар Абу Ҳанифани катта тобеинлар билан учрашганлари, уларнинг мажлисида ўтириб, улардан дарс олганликлари ҳамда улардан ҳадис ривоят қилганликлари, уларнинг фиқҳини ўзлаштирганликларига ижмо қилганлар. Бу ҳақда Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ.нинг ўзлари шундай деганлар: мен илм ва фиқҳ маъдани ичида бўлганман, унинг аҳли билан ўтиришганман, фуқаҳоларидан бирининг этагини тутганман. Мана шунинг ўзи Абу Ҳанифани илмий муҳитда яшаганликлари, уламолар билан ўтирганликлари, уларнинг илмий баҳс юритиш йўлларини ўрганганликларига далолат қилади. Сўнгра у ўзига фиқҳий қарашларида муносиб бўлган фақиҳни устозликка танладилар ва ўн саккиз йил унинг хизматида бўлдилар. У зот ўз замонасида Ироқ фиқҳи машойихларининг сўнгиси деб эътироф этилган Ҳаммод бин Абу Сулаймон эдилар. Ҳаммод фиқҳни асосан аҳли раъйларнинг фақиҳи Иброҳим Ан-Нахаъийдан, шунингдек, аҳли ҳадисларнинг фақиҳи Аш-Шаъбийдан олган эдилар. Ана у иккиси буюк саҳобийлар Абдуллоҳ бин Масъуд ва Али бин Аби Толиб роҳматуллоҳи алайҳ.ларнинг фиқҳидан қонган эдилар. Бу икки саҳобий роҳматуллоҳи алайҳ. Куфада туриб унинг аҳлига улкан фиқҳий меросни қолдириб кетган эдилар.

Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ато бин Аби Рабоҳ бўлиб, у зот Ибн Аббос роҳматуллоҳи алайҳ.нинг илмий хулосаларини унинг мавлоси Икримадан олган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. Маккада яшаган вақтида Ато бин Аби Рабоҳнинг мулозими бўлганлар.

Шунингдек, Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ибн Умар роҳматуллоҳи алайҳ.нинг мавлоси Нофеъдир. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. ундан Умар бин Хаттоб роҳматуллоҳи алайҳ. ва Абдуллоҳ бин Умар роҳматуллоҳи алайҳ.нинг илмини олдилар. Шундай қилиб имом Абу Ҳанифада буюк саҳобийлар Умар, Али, Ибн Аббос, ибн Масъуд, Ибн Умар роҳматуллоҳи алайҳ.нинг илмлари уларга мулозим бўлган тобеинлар орқали жам бўлди.

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. фақатгина ўша санаб ўтилган фуқаҳолардангина илм олиш билан чекланиб қолмадилар. Балки, у Оли Байт, яъни Пайғамбар а.с.нинг авлодларидан бўлмиш Имом Зайд бин Али Зайнул Обидийн, Муҳаммад Ал-Боқир, Жаъфар Ас-Содиқ, Абдуллоҳ бин Ал-Ҳасан бин Ал-Ҳасандан ҳам илм ўргандилар, улардан дарс ўқидилар.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ.нинг ҳаёти ва илмий тажрибаси уни Ироқнинг биринчи рақамли фақиҳи бўлиш сари йўналтирди.

У зот тижорат билан шуғулланар, тижорий олди-сотди ва урф-одатларнинг барчасидан хабардор эдилар. Бу эса уни одамларнинг ўзаро муомалалари ва тижорат аҳкомларида етук билимдоннинг сўзини айта олиш имкониятига мушарраф қилди. У ўзининг фиқҳий қарашларида урфга катта эътибор қаратдилар. Қачонки, қиёс билан ҳукм чиқариш манфаат ва адолатга зид кўринса, бу ўринда истиҳсонни қўллашни маъқул кўрар эдилар. 

Ҳаж ва бошқа мақсадларда кўп сафар қилар, сафари давомида уламолар билан учрашар, улар билан музокара олиб борар, ривоят қилар ва фатволар берар эдилар. Бундан ташқари, сафар қилишнинг ўзи ҳам унга кўп фойда берар эди. Масалан, зеҳни чарҳланар, ваҳй нозил бўлган жойлар билан танишар, турли шаҳарларни кўрар, янги хабарлар ва асарларнинг маънолари ҳақида маълумотларга эга бўлар, шунга қараб фиқҳий масалаларни тасаввур қилиш билан уларнинг ҳукмини яхши баҳолай билиш имкониятига эга бўлар эдилар. 

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ. илм талабини бошлаган ёшлик вақтидаёқ тортишув ва мунозараларга дуч келдилар. Унинг ақида борасида тортишувлари фикрининг чахланиши, идрокининг чуруқлашувига сабаб бўлди. Фиқҳ борасидаги мунозаралари илгари унга таниш бўлмаган ҳадислар, саҳобаларнинг фатволари билан танишиш имконини берди. 

Имом Абу Ҳанифанинг ўзига хос дарс ўтиш усули муаллим ва мутааллимни бирдек илмий савиясини оширишга қаратилган эди. У зот ўртага бир фикрни ташлаб, уни шогирдлари билан бирга муҳокама қилар, ҳар ким бу масала устида ўз фикрларини эркин баён қилгач, барчанинг фикридан ҳосил бўлган хулосани ясаб, барча уни тасдиқлагач ёздирар эдилар. Мана шунинг ўзи ҳам Абу Ҳанифанинг илми муттасил ўсиб, фикри тўлишиб боришида муҳим аҳамият касб қилди. 

                                                                                                             Ботиров Баҳодир,
 Чуст тумани “Охунбобо” жоме 
масжиди имом-хатиби