Таълим тарбия

МАСЖИДГА КИРИШ ОДОБЛАРИ

МАСЖИДГА КИРИШ ОДОБЛАРИ

Масжидлар намозларни жамоат билан адо этиш жойларидир. Масжидлар Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун улар «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади. Қуръони Каримда масжидларнинг фазли ва аҳамияти ҳақида кўплаб ояти карималар келган. Аллоҳ таоло марҳамат этади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажаб-мас» (Тавба сураси, 18-оят)

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Шунинг учун мусулмонлар масжидларни икром-эҳтиром қилишлари, уларда макруҳ саналган амалларни қилмасликлари, унинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуришлари лозим. Масжид одобларининг асосийлари қуйидагилардир:

Масжидга отланаётган намозхон суннатга мувофиқ кийиниб, ўзини ҳар томонлама поклаб – тозаланиб бориши керак. Самура розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либоснинг оқини кийинглар, чунки оқлари покизароқ ва яхшироқ бўлур», деганлар (Имом Термизий ривоят қилган).

Масжидга борувчиларнинг айниқса тишларини тозалаб, нохуш ҳидларни йўқотиб боришлари зарур. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда албатта уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрар эдим», деганлар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган). Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиш учун мисвок ишлатмасдан уйларидан чиққан эмаслар (Табароний ривоят қилган).

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, қачон бир одам масжидга келса, албатта оёқ кийимининг остига қарасин, агар унга нажасот ёки ифлослик теккан бўлса, уни ерга ишқаб яхшилаб тозаласин (Борди-ю оёқ кийимлари тоза бўлса ҳам суннатни барпо қилмоқ учун уларни ерга суртиб олган маъқул).

Масжидга кетаётганда одоб ва тавозе билан қадам ташлаш, салом берувчиларнинг саломига алик олиш, йўлда мусулмонларга ҳалал берувчи тош, шох-шабба, тикан ва бошқа нарсаларни четга олиб қўйиш ҳам зарур вазифалардандир.

Масжидга киришнинг ҳам ўзига хос тартиб-одоблари бор:

1. Масжидга ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқилади.

2. Кириш-чиқишда суннатда келган маъсур дуоларни ўқилади. Масжидга кираётгандаги дуо:

«Бисмиллаҳи. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, ифтаҳ лий абвааба роҳматика».

Маъноси: «Аллоҳнинг исми била (кираман). Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Менга раҳмат эшигингни очгин».

Масжиддан чиқаётгандаги дуо:

«Бисмиллаҳ. Аллоҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва ъалаа олиҳи ва саҳбиҳи ва саллим. Аллоҳумма, иннии асъалука мин фазлика»

Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Аллоҳим! Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оила-аъзолари ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳим! Мен Сендан фазлингни сўрайман».

3. Масжидга кирганда намоз ўқиш макруҳ бўлмаган вақт бўлса, икки ракат «Таҳийятул масжид» намозини ўтирмасдан олдин ўқиб олинади.

4. Масжидга таҳоратли кириб, турли нажосатлардан пок бўлинади.

5. Имом одамларга масжидда ваъз-иршод қилиб, уларга таълим бераётган бўлса, овозини кўтармаслик керак.

6. Хутба ўқилаётганда жим турилади, чунки хутбага қулоқ солиб, диққатни бериб туриш вожибдир.

7. Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтмаслик, хусусан, жума кунлари одамларнинг елкаларидан ошиб олдинги сафга ёриб ўтмаслик лозим. Чунки булар ҳаромга яқин макруҳлардандир.

8. Покликка риоя қилиш масжидда бўлишнинг энг муҳим одобларидандир.

9. Масжидга бадбўй ҳид билан кирмаслик керак. Мисол учун пиёз, саримсоқ, нос, сигарет каби нарсаларни истеъмол қилиб, сўнг масжидга кирса, ўзидан келаётган сассиқ ҳид билан намозхонларга озор беради. Бу ҳам ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади.

10. Масжидда виқор ва осойишталик билан юриш керак. Ҳовлиқиш ва шошқалоқликдан сақланиш лозим. Агар жамоатга ёки бирор ракатга кеч қолаётган бўлса ҳам, шошилмаслик даркор. Секин-асталик билан жамоатга келиб қўшилади (ета олмаган ракатларини юқорида баён қилганимиздек ўқиб қўяди).            

            Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки  бугун мамлакатимизда олиб борилаётган диний ислохотлар самараси сифатида юртимиз пойтахтидан тортиб энг чекка туманлардаги масжидлар хам шинам , замонавий ва кенг ёруғ бўлиб барча шароитлар яратилмоқда . Айниқса масжидларимизда хашар йўли билан қурилаётган замонавий таҳоратхоналарда иссиқ ва совуқ сув, канализация тизимлари, барча гигеник шароитлар тўла мавжуд бўлиб, юртимиздаги намозхонларига ва  хориждан келган зиёратчиларга хам холис ва беминнат хизмат кўрсатаётгани юртдошларимизни кўзларини қувонтирмоқда.  Аллоҳ таъоло юртимиздаги бу каби ободончилик ва осойишталикни бардавом қилсин. 

Баҳодир Шарипов,
Чуст туман “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме 
масжиди имом-ҳатиби