Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номуси, иймонини ўртага қўйиб ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари қиличданда ўткир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарсада ватанга муҳаббат, иймонга садоқат асло ўзгармади. Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ватанпарвар, ватан озодлиги йўлида жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобурлар беихтиёр кўз олдимизга келади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабр куни Олим Мажлисга навбатдаги Мурожаатнома тақдим этди Ва унда харбий соҳа ҳақида шундай деди: “Биринчидан, Мамлакатимиз мудофаа қобилятини, Қуролли кучларни жангавор салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллинтириш, хар қандай хавф хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим ”
Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимизга тушади. Темур Малик ватанни қандай севиб ардоқлади? Унинг қанча умри ватан тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга,кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардона боқиб, “Бу муборак заминни босишингга, топташингга йўл қўймайман”,- деди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар:
“Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб ҳалок бўлса, унга ҳам шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни уч тоифа кишининг кўзи ёшланмайди, барча ғам-ғуссадан омонда бўлади.
Улардан бири: Юртини ва юртдошларини кечалари бедор бўлиб қўриқлаган киши ”- дедилар.
Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни, ор-номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бизлар ўз жигарбандларимиз бўлмиш фарзандларимизга буюк аждодларимиз йўлини, уларнинг она ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим.
Шундагина уларнинг дилларидан ватанга муҳаббат, юртни ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар:”Она-ватанни севиш туфайли дунё обод бўлади”.
“Ватанпарвар-ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул,жонини ҳам аямайдиган,халқи ва ватанинингозодлиги, фаровонлиги учун бор-будуни фидо қилувчи инсондир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик ва сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, она-ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби иймон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинч ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг хифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!
Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби