Жамият аъзоларига муносабат

МАНФААТЛИ УМР.

МАНФААТЛИ УМР.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Мўътабар ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.

Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар: “Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.

Айрим уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.

Баъзи ҳадис манбааларига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади” (Табароний ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний: Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. 

Мусулмон кишининг қиладиган ҳар бир амали риёу, тамаъдан холи бўлиши керак. Шунингдек, силаи раҳм қилишда ҳам, акс ҳолда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Аввал силаи раҳм қилинган кишига кейин жавоб тариқасида силаи раҳм қилувчи ҳақиқий силаи раҳм қилувчи эмас. Чинакамига силаи раҳм қилиш деб силаи раҳм қилишдан бош тортган кишига силаи раҳм қилишни айтадилар”.

Ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг асарларининг бирида шундай бир воқеани ўқиб қолдик ҳайратдан ёқа ушлайсиз орамизда бундай одамлар учраб туради. Яқинда – дейдилар ёзувчи – бир кишининг холаси вафот этганини эшитиб, таъзия билдирганимизда у одам бизга: “Холамиз ҳаётлик пайтларида бизга фойда-заралари йўқ эди, ўлганларидан кейин ҳам ҳеч нарса йўқотмагандаймиз”, деган ахмоқона жавобни эшитдик. У инсон холасига нисбатан шундай муомалада экан, у аниқки онаси билан мана шундай муомалада бўлган. 

Арофат кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Айтиб қолдиларким: Силаи раҳмни узган киши бу кеча мен билан бирга ўтирмасин, биздан кетсин”. Мажлиснинг четида ўтирган йигитдан бошқа ҳеч ким турмади. Бир оз вақт ўтгандан кейин у йигит қайтиб келиб, ўз жойига ўтирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Нима учун сендан бошқа ҳеч ким даврамиздан турмади? деб сўрадилар. У йигит айтдиким: “Ё Расулаллоҳ, сиздан бояги танбеҳ эшитиб, холамникига бордим. У киши билан жанжаллашиб орамиз бузилган эди. У киши мени кечирди, мен у кишини кечирдим”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб: Яхши қилибсан, бу кечани биз билан бирга ўтказ. Огоҳ бўлингларким, Аллоҳнинг раҳмати силаи раҳмни узган қавмга тушмайди”. дедилар.

 

                                                Баҳодир Ботиров

Чуст тумани “Охунбобо” жоме
 масжиди имом хатиби.