Қадр сураси Қуръони каримнинг нозил бўлиш тарихи ва у нозил бўла бошлаган кечанинг фазилатлари баён қилинган сурадир. Сура беш оятдан иборат бўлиб, унинг қачон нозил қилингани ҳақида икки ҳил қавл бор:
1. Қадр сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин нозил қилинган. Бу қараш аксар уламоларнинг қавлидир;
2. Қадр сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан кейин нозил қилинган ва бу сура Мадинада нозил бўлган дастлабки сурадир. Бу қараш айрим уламоларнинг қавлидир. Баъзи уламолар: "Эҳтимол, бу сура дастлаб Маккада, кейинчалик Қадр кечасининг улуғлигини таъкидлаш маъносида Мадинада яна такроран нозил қилинган бўлиши ҳам мумкин", деганлар.
Сурада Қадр кечасининг ўзига хос фазилатлари баён қилинган. Бу кечанинг" Лайлатул қадр ", яъни Қадр кечаси деб номланиши умумий тўрт хил маънога далолат қилади:
1. Ҳукм чиқариладиган кеча. Яъни, бу кечада то келгуси Қадр кечасигача бутун йил давомида бўладиган ишларга ҳукм чиқарилади;
2. Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрли, мартабали кеча. Зеро, қадр ва мартаба улуғ нарсаларга нисбатан ишлатилади;
3. Муборак кеча. Яъни, бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилиб, У зотнинг марҳаматига сазовор бўлинадиган кеча;
4. Саодатли кеча. Яъни, ибодатлар кўплаб адо этиладиган саодатли кеча.
Сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим туширилгани ҳақидаги хабар билан бошланган:
"Албатта, биз У (Қуръон) ни Қадр кечасида нозил қилдик" (Қадр сураси, 1-оят).
Ушбу оятнинг "Албатта" дея таъкид билан бошланиши икки хил маънони англатади:
1. Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло нозил қилганини инкор қилувчиларга ёки бунга шубҳа билан қаровчиларга раддия маъносида бу хабар таъкидлаб баён қилинган;
2. Берилаётган хабарнинг улканлигини билдириш ва уни қабул қилишга ундаш учун таъкидлаб баён қилинган.
Оят давомида "Мен нозил қилдим" дейилмасдан, кўплик шаклида "Биз У (Қуръон) ни Қадр кечасида нозил қилдик" дейилиши, нозил қилувчи ва нозил қилинган нарсанинг улуғлигини ифодалайди. Яъни, оятда кўплик шаклининг қўлланиши Аллоҳ таолонинг ва каломининг улуғлигига далолат қилади.
Қуръони каримнинг Қадр кечасида нозил қилиниши маъносини Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай тушинтирган: "Қуръон ушбу кечада Лавҳул Маҳфуз" дан дунё осмонидаги "Байтул изза" га тўлалигича нозил қилинган. Сўнгра уни Жаброил алайҳиссалом йигирма уч йил мобайнида турли воқеалар муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак тарзда олиб тушган".
Уламолар Қуръони каримнинг бундай босқичларда нозил қилинишининг ҳикматини қуйидагича тушунтирганлар: "Қуръони каримнинг дастлаб Байтул иззага тўлалигича туширилиши хабари унинг ҳаммаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилишини англатган. Шу маънода бу хабар у зотни шодлантириш учун бўлган. Йигирма уч йил мобайнида бўлак-бўлак қилиб туширилиши эса бандаларнинг қалбларини унга мослаштириш ва унинг ҳукмларини қабул қилишни енгиллаштириш маъносидаги илоҳий илтифот бўлган".
Ҳар бир мўмин киши ундаги фазилатларига эришишни орзу қиладиган ушбу улуғ кечанинг айнан қайси кечалиги ҳақида турли ривоятлар келган:
- Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан қидириш лозимлиги айтилган;
- Имом Бухорий ва имом Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқларидан излаш хабар берилган;
- Имом Абу Довуд Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда йигирма еттинчи кеча экани очиқ айтилган.
Аслида, Қадр кечасининг ҳаммага қатъий равишда аниқ билдириб қўйилмагани ҳам Аллоҳ таолонинг яна бир раҳматидир. Зеро, бандаларга уларнинг қачон вафот этишлари ва қиёмат вақти махфий қилингани сингари Қадр кечаси ҳам махфий қилинган. Чунки унинг вақтини аниқ билмаслик бутун ой давомида ғафлатда қолмасликка ва ҳамиша тоат-ибодатларга ғайрат қилишга ундаб туради.
Шунинг учун Рамазон ойи давомида доимо қуйидаги дуони ўқиб юришга одатланиш тавсия қилинади: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Мен:" Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай", дедим. У зот: "Аллоҳумма, иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний" (Эй Аллоҳ, албатта Сен ўта афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин), деб дуо қилинг", дедилар". Термизий ривоят қилган.
Иброҳим Қосимҳўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум” жоме
масжиди имом хатиби