Байрам ва марака маросимлари

КОНСТИТУЦИЯ-БАХТИМИЗ ҚОМУСИ, ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ.

КОНСТИТУЦИЯ-БАХТИМИЗ ҚОМУСИ, ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ.

Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. Унинг қадр-қиммати, аҳамиятини ҳар биримиз дил-дилдан ҳис этамиз.

Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома, у халқимизнинг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданияти акс тган, шунингдек, халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули бўлган Асосий Қонундир. 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – юртимиз мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенглик тамойили ҳам акс этиб туради.

Эркин ва обод жамият ҳамда, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси Қомусимизнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бинобарин, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади».

Бугунги кунда Республикамизда истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Хусусан, асосий Қонунимизга кўра виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилган. Турли миллат вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз миллий қадрият ва анъаналарига амал қилишлари учун ҳам кенг имконият ва шароит барпо этилган. Шу билан бирга мазкур қонунимизда бирор бир миллатнинг шаъни ёки унинг миллий қадрияти камситилишига йўл қўйилмаслиги ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

Бош қомусимизда баён қилинишича: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”.  Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қурони каримда шундай марҳамат қилади: “Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлур. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир”. (Бақара. 256)

Юртимизда бугунги кунда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бош Қомусимиз белгилаб берган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Улар эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Дарҳақиқат 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг шаклланиши ва мустаҳкамланишини, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сиёсий ва ҳуқуқий тизимимиз барқарорлигини, олдимизда турган масъулиятли сиёсий ва иқтисодий вазифаларнинг адо этилишини, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишини, энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини таъминлайдиган муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Пахриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби