Таълим тарбия

КИТОБ ЯХШИЛИКЛАР  ХАЗИНАСИДИР

КИТОБ ЯХШИЛИКЛАР  ХАЗИНАСИДИР

Дарҳақиқат китоб ўқимаган инсоннинг маънавияти бўлмайди. Дунёқараши паст бўлади, олам сирларини билмоқ истасак кўп китоб ўқимоқ керак. Зеро,  буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи ”.

Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Гўзаллик – илму маърифат билан”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”.

  Пайғамбаримиз соллалоху алайхи васалламнинг хадиси Муборакларида ҳам “Бешикдан қабргача билим изла” дея марҳамат килингани ва “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бу каби пурмаъно ва серҳикмат нақллар китоб севувчи халқимиз луғатида кўплаб топилади.

Энг асосийси, неча асрлардан буён сайқалланиб, қанчадан-қанча авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ҳамда давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга ошно бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва унинг мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.

Китоб инсонни комилликка етаклайди. Ҳаёт қоидалари яшаш санъатини ўргатади. Китоб билим беради, илм эса зиё, нур, маънавий қувват демакдир.

 Китоб инсоният онгли ҳаёти ва маънавият оламининг бош тимсолларидан  саналади. У – бепоён олам: бағрикенг, осмони баланддир. Китоб билим манбаи, инсоният тўплаган ҳикматлар хазинаси, ижтимоий онг маҳсулидир.

 Китоб мутолааси инсон тафаккурини оширади, ҳаётга теран кўз билан қарайди. Эътибор берган бўлсак, сўнгги вақтларда ёш авлод, болалар интернет ва турли ижтимоий тармоқларга қизиқиб кетиб, кўп китоб ўқимай қўйган эди. Бу билимсизликдан дарак беради. Бугун ватанимиз жадал ривожланаётган бир даврда аждодларимиз, донолар фикрида ўз аксини топган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мамлакатимизда кўп китоб ўқишни тарғиб қилиш мақсадида кенг кўламли маънавий ислоҳотлар, тадбир, тушунтириш ишлари, олиб борилмокда бундан кўзланган максад ёш авлодни китобга кизиктириш.

Олимхон Исаков,
Уйчи туман бош имом хатиби