Жамият аъзоларига муносабат

КЎЧАТ ЭКИШ — ДОИМИЙ САВОБИ БОРАДИГАН АМАЛ

КЎЧАТ ЭКИШ — ДОИМИЙ САВОБИ БОРАДИГАН АМАЛ

Деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари беҳисобдир. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Муслим ривояти).

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Бошқа бир ривоятда: “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).

Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан. Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар юқори қадрланади.

Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Табиатни обод қилиш — олийжаноб қадрият

Кўчат экиш нафақат шахсий савоб манбаи, балки жамият ва экотизим учун ҳам улкан хайрли ишдир. Ҳар бир яшил ниҳол ер юзидаги ҳаётнинг давомийлигини таъминлайди, ҳавони тозалайди, табиат мувозанатини асрайди. Шу боисдан ҳам аждодларимиз ҳар бир хонадон атрофини ободонлаштиришга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган.

Экологик мувозанат ва саломатлик гарови

Замонавий илм-фан ҳам дарахтларнинг экологиямиздаги ўрни беқиёс эканини тўла тасдиқламоқда. Улар атмосферани углерод газидан тозалаб, кислород миқдорини оширади. Динимиз кўрсатмалари ҳар доим инсониятни фойдали ва эзгу ишларга чорлаши ана шундай ҳаётий ҳақиқатлар билан уйғунлашиб кетади. Дарахт эккан инсон нафақат охиратини обод қилади, балки бу дунёдаги жамият саломатлигига ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Кейинги авлодларга қолдириладиган энг яхши мерос

Ота-боболаримиз бизга фақат моддий бойлик эмас, балки мусаффо ҳаво, серҳосил ерлар ва обод боғларни мерос қилиб қолдиришган. Биз ҳам ўз навбатида фарзандларимизга саҳро эмас, яшнаб турган кўм-кўк диёрни қолдиришимиз керак. Ҳар бир экилган ниҳол келажак авлодлар учун соғлом ва фаровон турмуш тарзини кафолатлайди.

Умр ўткинчи, савоби боқий амал

Инсон умри қисқа, аммо у қолдирган яхши излар асрлар давомида яшайди. Дунёдан ўтиб кетган инсоннинг орқасидан тинимсиз савоб бориб турадиган амаллар қаторида эзгу ниятда экилган дарахтнинг ўрни беқиёс. Ундан фойдаланган ҳар бир инсон ёки жонзот эгасининг ҳаққига билмаган ҳолда дуо қилади ва бу ҳолат инсоннинг охиратдаги мақомини юксалтиради.

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Абдулазиз Бобамирзаев,

Наманган шаҳар Янги Наманган тумани

бош имом-хатиби