Бугунги кунда мўмин-мусулмонлар ўртасида фитналарга сабаб бўлаётган, Ислом ақидасига бевосита боғлиқ бўлиб, аянчли оқибатларни келтириб чиқараётган ва жаҳолат туфайли низоларга замин яратаётган «такфир» тушунчасининг мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтамиз.
«Такфир» тушунчаси «бировни кофирга чиқариш», «кофир деб ҳисоблаш» маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб «кофир» деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: «Сизга салом берган кимсага: "Мўмин эмассан", деманглар» (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб иш кўришдан қайтармоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: «Уч нарса имоннинг аслидандир: "Ла илаҳа иллаллоҳ" деган кимсага тегмаслик; уни гуноҳи туфайли "кофир" демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга «мўмин эмас» деган сўзни айтмаслиги лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади» (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни "кофир" деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай оғир гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ҳамда Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Агар киши ўз биродарига: "Эй кофир", деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи "кофир" дегувчининг ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошилмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни «кофир» дейишдан ўзларини қаттиқ эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мутааллилунларга вайл бўлсин», – дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, мутааллилунлар ким?» – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «"Сен жаннатийсан, сен дўзахийсан", дейдиган одамлар», – деб жавоб бердилар.
Мусулмон инсон бошқа бир кишининг гуноҳ қилаётганини кўрса, унга чиройли суратда тўғри тушунча бериши мўминлик вазифаси ҳисобланади.
Яҳёхон Бадриддинов,
Норин тумани “Бадриддин ҳожи” жоме
масжиди имом-хатиби