Жамият аъзоларига муносабат

ЮРТ ОБОД — КЎНГИЛЛАР ШОД

ЮРТ ОБОД — КЎНГИЛЛАР ШОД

​Ислом таълимотига кўра, инсон яшаб турган жойини обод қилиши, атроф муҳитга хайр-барака улашиши унинг ер юзидаги энг асосий вазифаларидан  биридир.

Инсон руҳияти ва у яшаб турган атроф-муҳит бир-бири билан узвий боғлиқ. Кўнгилнинг хотиржамлиги, қалбнинг шодлиги тўғридан-тўғри юртнинг тинчлиги ва ободлигига боғлиқдир. Динимиз Ислом инсониятни нафақат охират саодатига, балки бу дунёда ҳам гўзал, пок ва обод ҳаёт кечиришга тарғиб қилади. Аллоҳ  таъоло ​Қуръони каримда Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратгани ва унга ер юзини обод қилиш масъулиятини юклаганини баён қилади: «У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлигини сўраб жойлаштирди...» (Ҳуд сураси, 61-оят)

Ислом уламолари ушбу оятни тафсир қилар эканлар, «истиъмор» (обод қилишни сўраш) калимаси шаръий буйруқ ҳисобланишини таъкидлайдилар.  Яъни, мусулмон инсон ўзи яшаётган ватанни, маҳаллани, уй-жойни ва йўлларни обод, тоза ва гўзал сақлаши — унинг иймоний бурчидир. Йўлдан одамларга азият берадиган нарсани (тош, шо ҳ -шабба, чиқинди) олиб ташлашнинг иймон шохчаларидан бири деб баҳоланиши ҳам бежиз эмас.

Инсон қалби қачон шод бўлади? Қачонки унда қўрқув бўлмаса ва эҳтиёжлари таъминланган бўлса. Қуръони каримда Қурайш сурасида Аллоҳ таоло бандаларига берган энг катта икки неъматини эслатади: «Хуллас, мана шу Уйнинг (Каъбанинг) Парвардигорига ибодат қилсинлар! У зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавф-хатардан омон қилди». (Қурайш сураси, 3-4-оятлар)

Юртнинг ободлиги — иқтисодий фаровонлик ва тўқликни, ундаги тинчлик эса хавф-хатардан омонликни англатади. Мана шу икки омил жамланган жойда яшаётган инсонларнинг кўнгли хотиржам, тоат-ибодатлари мукаммал ва ҳаётлари шодликка тўла бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ўз дуоларида доимо ватан тинчлиги ва ризқ баракасини сўраганлар.  Қуръони каримда Ибр оҳим алайҳиссалом  Макка ва уни ичидаги зурриётлари ҳаққига ва уни мевалар билан ризиқлантириши ҳақида дуолар қилдилар.

 «Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен зурриётимдан Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин

Ислом дини инсон ўзидан кейин ҳам савоби тўхтамайдиган амаллар қолдиришига катта аҳамият беради. Жамиятга фойдаси тегадиган ободончилик ишлари «садақаи жория» (тинимсиз савоб келтирувчи амал) ҳисобланади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:  «Мусулмон киши бир дарахт экса ёки бир зироат қилса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, унинг учун садақа бўлади». (Имом Бухорий ривояти)

Кўприклар қуриш, йўлларни таъмирлаш, ариқларни тозалаш, боғлар яратиш, масжид ва мактаблар барпо этиш — буларнинг барчаси юртни обод, халқни эса шод қиладиган соҳаб амаллардир. Йўли равон, атрофи кўкаламзор юртда одамларнинг кайфияти кўтарилади, бир-бирига бўлган меҳр-оқибати зиёда бўлади.

Юрт ободлиги фақатгина моддий қурилишлар билан ўлчанмайди. Ички ободлик — қалб тозалиги ва шукроналик маданиятидир. Агар инсонлар берилаётган неъматларнинг қадрига етсалар, Аллоҳ уларнинг ризқини ва юртининг ободлигини янада зиёда қилади.

Шунингдек, динимизда тозалик иймоннинг ярми деб эълон қилинган. Юрт ободлиги ҳар бир инсоннинг ўз остонасини, ўз кўчасини тоза тутишидан бошланади.

Атроф-муҳитни ифлослантирмаслик, сувни исроф қилмаслик ва табиатга зарар етказмаслик — ободликни сақлаб қолишнинг бош шартидир.

«Юрт обод — кўнгиллар шод» деган донишмандона нақл динимизнинг поклик, тинчлик, бунёдкорлик ва гўзаллик ҳақидаги кўрсатмаларига тўла мос келади. Обод ватан — Аллоҳнинг улуғ неъмати, шод кўнгил эса шу неъматнинг мевасидир. Юртимиз ободлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиш, атрофимизни гўзаллаштириш ва тинчликни асраш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ҳам фарзи, ҳам қарзидир.

Обидхон домала Икрамов, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси  
Наманган вилояти вакилининг биринчи ўринбосари