Тинчлик ва озодлик — инсониятга берилган энг улуғ ва бебаҳо неъматлардандир. Аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган, мустақил ва эркин диёрда яшаш бахти бугун бизга насиб этди. Ватанимиз истиқлоли шунчаки сиёсий воқелик эмас, балки Яратганнинг халқимизга инъом этган буюк марҳаматидир.
Мустақиллик туфайли халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятлари, тили, дини, урф-одат ва анъаналарини эркин асраб-авайлаш имкониятига эга бўлди. Бугун юртимизда фарзандларимиз таълим олиб, касб-ҳунар эгаллаб, орзу-мақсадлар сари интилиб яшамоқда. Инсоннинг хотиржам яшаши, оиласи бағрида тинч ҳаёт кечириши, ҳалол меҳнат қилиб ризқ топиши ва келажакка ишонч билан қараши — буларнинг барчаси тинчлик ва истиқлолнинг самарасидир.
Ислом таълимотида тинчлик, омонлик ва осойишталикнинг қадри жуда юқори баҳоланади. Зеро, тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт ҳам, фаровонлик ҳам, хотиржам ибодат қилиш имкони ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзига берилган тинчлик неъматининг қадрига етиши ва уни асрашга ҳисса қўшиши лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга (неъматимни) зиёда қилурман...» («Иброҳим» сураси, 7-оят).
Ушбу ояти карима бизга берилган неъматларга шукр қилишнинг аҳамиятини очиқ баён этади.
Демак, истиқлол ва тинчлик неъматининг бардавом бўлиши учун аввало Аллоҳ таолога шукр қилишимиз, бу неъматларнинг қадрига етишимиз ва уларни асраб-авайлашимиз зарур.
Мустақиллик неъматининг қадрини англаш учун тарихимизга назар ташлашнинг ўзи кифоя.
Аждодларимиз юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида қанча машаққатларни бошидан кечирган. Бугун эса биз уларнинг эзгу орзулари рўёбга чиққан даврда яшаяпмиз. Шу боис истиқлолни оддий бир тушунча сифатида эмас, балки асраб-авайлашимиз лозим бўлган улуғ неъмат сифатида қадрлашимиз керак.
Тинч ва осойишта юртда инсон ўз ибодатларини хотиржам адо этади, ҳалол меҳнат қилади, фарзандларини тарбиялайди, илм олади ва жамиятга наф келтиришга интилади. Оилаларда тўйлар, хурсандчиликлар бўлади, янги хонадонлар қад кўтаради, болалар мактабга бориб, келажак орзулари билан улғаяди. Буларнинг барчаси тинчликнинг баракасидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик ва омонликнинг нечоғлик буюк неъмат эканини таъкидлаб, шундай деганлар: «Сизлардан кимки ўз уйида тинч-омон, тани соғ ва бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё берилган бўлади». (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф инсон ҳаётида тинчлик, саломатлик ва ризқ-насибанинг ўрни қанчалик буюк эканини кўрсатади. Дарҳақиқат, инсоннинг уйида тинчлик, танасида саломатлик ва дастурхонида ризқ бўлса, бунинг ўзи улкан бойликдир.
Бугун дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган урушлар, низолар ва турли беқарорликларни кўриб, тинчликнинг қадрини янада чуқурроқ ҳис қилмоқдамиз. Уруш ва нотинчлик ҳукм сурган жойларда инсонлар уй-жойидан айрилмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда, бегуноҳ инсонлар жабр кўрмоқда. Болалар эса хотиржам болалик ўрнига қўрқув ва ташвиш билан улғаймоқда.
Шундай экан, биз юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашимиз, унинг қадрига етишимиз лозим. Тинчликни асраш фақат бирор бир инсон ёки ташкилотнинг эмас, балки бутун жамиятнинг муқаддас вазифасидир. Бунинг учун ҳар биримиз ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва аҳилликни мустаҳкамлашимиз керак.
Ватанни севиш ва унинг равнақи учун хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи Мукаррамага қараб айтган сўзлари Ватанга бўлган муҳаббатнинг нақадар табиий ва самимий туйғу эканини кўрсатади.
Ҳижрат чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама ҳақида шундай деганлари ривоят қилинади: «Аллоҳга қасамки, сен Аллоҳнинг энг яхши ва Аллоҳга энг севимли еридирсан. Агар қавминг мени сендан чиқариб юбормаганида, сендан бошқа жойни макон тутмаган бўлар эдим».
Бу сўзларда Ватанга бўлган чуқур муҳаббат ва соғинч мужассам. Демак, инсоннинг туғилиб ўсган юртига муҳаббат қўйиши, уни асраши, ободлиги ва тинчлиги учун хизмат қилиши улуғ фазилатлардандир.
Истиқлолимиз бардавом бўлиши учун ҳар биримиз ўз соҳамизда ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишимиз, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз, жамият тинчлиги ва тотувлигига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.
Айниқса, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз керак. Чунки юртнинг эртанги куни бугунги ёшларнинг қўлидадир. Фарзандларимизни илм-маърифатли, ватанпарвар, ҳалол, меҳнатсевар, одобли ва эътиқодли қилиб тарбиялаш — барчамизнинг энг муҳим вазифаларимиздан биридир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилингиз!» («Нисо» сураси, 59-оят).
Юртда аҳил-иноқлик, тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган жойда барака ва ривожланиш бўлади. Бир-биримизни қўллаб-қувватласак, фитна ва низолардан узоқ бўлсак, фарзандларимиз тарбиясига эътибор берсак, жамиятимиз янада мустаҳкам бўлади.
Ватанни обод қилиш, унинг тинчлиги ва мустақиллигини асраш — ҳар бир фуқаронинг, хусусан, ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу бурч фақат сўз билан эмас, балки амал билан намоён бўлиши керак. Кимдир илм ўргатиб, кимдир ҳалол меҳнати билан, яна кимдир ёшларга тарбия бериб, ўз юрти равнақига ҳисса қўшади.
Шунингдек, биз тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, унинг шукрини ҳам адо этишимиз лозим.
Шукр — фақат тилда «Алҳамдулиллаҳ» дейиш эмас. Балки берилган неъматни тўғри қадрлаш, уни асраш ва ундан эзгу мақсадлар йўлида фойдаланишдир.
Келинг, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғимиздек асрайлик. Ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил ва ҳамжиҳат бўлайлик. Фарзандларимизни Ватанга муҳаббат, халққа садоқат ва эзгулик руҳида тарбиялайлик. Зеро, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган инсонгина унинг келажагига муносиб ҳисса қўша олади.
Илоҳим, Ватанимиз тинчлиги ва истиқлолини абадий, халқимиз фаровонлигини бардавом қилсин.
Юртимизнинг осмони доимо мусаффо, сарҳадларимиз тинч ва мустаҳкам бўлсин. Халқимиз ўртасида меҳр-оқибат, аҳиллик ва бирдамликни янада зиёда қилсин.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли офат ва балолардан, фитна-фасодлардан, турли ёвуз ниятли кимсаларнинг ёмонлигидан Ўз паноҳида асрасин. Юртимизда тинчлик, осойишталик ва баракани зиёда қилсин.
Истиқлолимиз абадий, Ватанимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме
масжиди имом-хатиби