Жамият аъзоларига муносабат

ИСТИҒФОРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

ИСТИҒФОРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Истиғфор — банданинг қилган гуноҳларини тан олиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўраб Унга қайтишидир. У фақат тил билан айтиладиган зикр эмас, балки қалбдаги пушаймонлик, гуноҳни тарк этиш ва келажакда унга қайтмасликка азм билан боғлиқ улуғ ибодатдир. 

1. Истиғфор — Аллоҳнинг буйруғи 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини истиғфорга даъват қилиб, унинг натижаларини очиқ баён қилади. Нуҳ алайҳиссалом қавмларига шундай деганлари зикр қилинади:  “Парвардигорингиздан мағфират сўранг. Албатта, У кечирувчидир. У сизларга осмондан мўл ёмғир ёғдирур, сизларни мол-мулк ва фарзандлар билан мададлар, сизларга боғлар ва дарёлар ато этур” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар)

Бу оятлар истиғфор нафақат охират, балки дунё баракалари — ризқ, фарзанд, фаровонлик сабабчиси эканини яққол кўрсатади. 

2. Гуноҳларнинг кечирилишига энг катта сабаб 

Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳи қанчалик кўп бўлмасин, истиғфор орқали мағфират эшиклари очиқ эканини билдиради:“Айтинг: Эй ўз жонларига зулм қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни кечирур” (Зумар сураси, 53-оят) 

Бу оят истиғфор айтувчи банда учун энг буюк умид манбаидир. 

3. Мусибатлардан омонлик сабабидир 

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида ва истиғфор мавжуд экан, азоб тушмаслигини марҳамат қилган:  “Аллоҳ сен улар орасида эканингда уларни азобламас. Улар истиғфор айтаётган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобламас” (Анфол сураси, 33-оят) 

Демак, истиғфор — бало ва мусибатлардан ҳимоя қалқонидир. 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истиғфорлари 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳдан маъсум бўлсалар-да, истиғфорни жуда кўп айтганлар:  “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан ҳам кўп истиғфор айтаман” (Имом Бухорий ривояти) 

Бу ҳадис истиғфорнинг фазилати ва мўмин ҳаётидаги ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатади. 

5. Истиғфорларнинг энг улуғи — Саййидул истиғфор 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Истиғфорларнинг энг улуғи шудир: “Аллоҳумма анта роббий, ла илаҳа илла анта…” (Саййидул истиғфор) Ким уни кундуз куни ихлос билан айтиб, шу куни вафот этса — жаннат аҳлидан бўлади” (Имом Бухорий ривояти) 

Бу ҳадис истиғфорнинг энг мукаммал ва фазилатли дуоси борлигини билдиради. 

6. Қийинчиликлардан чиқиш йўли 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  «Ким истиғфорни кўп айтадиган бўлса, Аллоҳ унинг ҳар бир ғамидан чиқиш йўлини очади, ҳар бир торликдан кенглик беради ва уни ўзи кутмаган жойдан ризқлантиради» (Абу Довуд ривояти) 

Бу ривоят истиғфорнинг ҳаётдаги муаммоларга шифо эканини кўрсатади. 

7. ИСТИҒФОР – Аллоҳнинг розилигига элтади 

Дуо ижобат бўлиши учун энг муҳим нарса — Аллоҳнинг розилиги. 

Ким доим истиғфор айтса, у Аллоҳнинг розилигига яқин бўлади 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар ташвишдан чиқиш йўлини, ҳар қийинчиликдан нажот беради ва у ўйламаган жойдан ризқ беради.”  (Абу Довуд ривояти 

Хулоса 

Истиғфор – қалбни поклайди 

Гуноҳлар қалбни чанг босган ойнага ўхшатиш мумкин. 

Истиғфор айтилганда, бу чанглар тозаланади. 

Шунда дуо ёрқин ойнадан чиқаётгандек, тўсиқсиз кўтарилади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Банданинг қалби гуноҳ билан қораяди. У истиғфор айтса, юраги тозаланади.” (Термизий ривояти) 

Истиғфор — мўминнинг қалбини тирилтирадиган, гуноҳларни ювадиган, ризқ ва баракани очадиган улуғ ибодатдир. Оят ва ҳадисларда унинг фазилати очиқ баён қилинган. Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ унга дунёда енгиллик, охиратда эса мағфират ва жаннатни насиб этади. 

Аллоҳ таоло барчамизни чин дилдан истиғфор айтадиган бандаларидан қилсин.

Мусохон Паттаев,
Наманган шаҳар Давлатобод тумани
“Мирғоиб Эшон” жоме масжиди имом ноиби