Жамият аъзоларига муносабат

ИССИҚ КУНЛАРДА МЎМИН КИШИНИНГ ҲОЛАТИ

ИССИҚ КУНЛАРДА МЎМИН КИШИНИНГ ҲОЛАТИ

Аллоҳ таоло инсонни турли ҳолатлар билан синайди. Баъзан мол-дунё билан, баъзан касаллик билан, баъзан эса қаттиқ иссиқ ёки совуқ билан. Мўмин киши ҳар бир ҳолатни Аллоҳнинг тақдири деб қабул қилади ва сабр қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқув, очлик, моллар, жонлар ва меваларнинг камайиши билан синаймиз. Сабр қилувчиларга хушхабар беринг».(Бақара сураси, 155-оят).

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иссиқнинг қаттиқлиги жаҳаннамнинг нафасидандир. Бас, иссиқ қаттиқ бўлганида намозни салқинроқ пайтга кечиктиринг». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис иссиқнинг оғирлигини билдириш билан бирга, Ислом дини инсонга енгилликни ҳам хоҳлашини кўрсатади.

Иссиқ кунларда мўмин қандай бўлиши керак

Сабрли бўлади.

Намозини тарк этмайди.

Тилини шикоятдан сақлайди.

Кўпроқ зикр ва истиғфор айтади.

Чанқаганларга сув беради.

Қариялар, беморлар ва болаларга ёрдам беради.

Сувни исроф қилмайди.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Аллоҳга энг суюкли амал — инсонларга манфаат етказишдир». (Мазмуни саҳиҳ ривоятларда келган.

Ривоят қилинишича, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида қаттиқ иссиқ кунлардан бири эди. Бир мусофир чанқаб, мадина кўчаларида сув излаб юрарди. Уни кўрган бир мўмин уйига таклиф қилиб, совуқ сув ичирди ва ҳордиқ чиқаришига ёрдам берди. Кейин:
«Бугун мен сенга сув бердим. Эртага Қиёмат куни Аллоҳ таоло менга раҳмат сувини насиб этсин», — деб дуо қилди.

Бу воқеа мусулмоннинг ҳар қандай шароитда ҳам яхшилик қилишга интилганини кўрсатади. Бир пиёла сув ҳам баъзан жуда катта савобга сабаб бўлади.

Дуо
اللَّهُمَّ أَعِنَّا عَلَى شِدَّةِ الْحَرِّ، وَاجْعَلْنَا مِنَ الصَّابِرِينَ الشَّاكِرِينَ، وَأَجِرْنَا مِنْ حَرِّ جَهَنَّمَ، وَاسْقِنَا مِنْ حَوْضِ نَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ ﷺ شَرْبَةًهَنِيئَةً لَا نَظْمَأُ بَعْدَهَا أَبَدًا.

«Эй Аллоҳ! Қаттиқ иссиққа сабр қилишимизга мадад бер. Бизларни сабр қилувчи ва шукр этувчи бандаларингдан қил. Бизни жаҳаннам ҳароратидан асра. Қиёмат куни Пайғамбаринг Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳавзи кавсарларидан шундай бир қултум сув ичиргинки, ундан кейин абадий чанқамайлик.»

Хулоса шуки

Иссиқ кунлар ҳам Аллоҳнинг бир синовидир. Мўмин бу синовни сабр, дуо, зикр ва инсонларгаяхшилик қилиш билан ўтказади. Иссиқдан шикоятқилиш ўрнига, уни охиратни эслашга ва савобишларини кўпайтиришга сабаб қилса, бу дунёдаҳам, охиратда ҳам бахтли бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни иссиқ ва барча синовларда сабрли бандаларидан қилсин. Жаҳаннам ҳароратидан паноҳида сақласин. Омин


Музаффархон Ибрагимов,

Наманган шаҳар “Мулла Абдулқодир оҳунд” жоме 
масжиди имом хатиби