Жамият аъзоларига муносабат

ИСЛОМДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМДА ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШГА МУНОСАБАТ

Ислом динида инсон жони буюк қадрият ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Нафсингизни (ўз жонингизни) ҳалок қилманглар. Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибондир.” (Нисо сураси, 29-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз жонига қасд қилган киши оғир оқибатга дучор бўлишини айтганлар: “Кимки бир темир (нарса) билан ўзини ўлдирса, у қўлида темир нарса бўлган ҳолда аллоҳнинг дўзахида уни абадий қилар. Кимки заҳар ичаётган бўлса, дўзахда уни абадий ичар...”(Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадисда шариат суицидни қаттиқ қоралаши, унинг оқибати жуда хатарли эканлиги очиқ баён қилинган.

Ўз жонига қасд қилиш – кўп ҳолларда узоқ вақт давомида йиғилиб келаётган муаммолар, ечимсизлик ҳисси, ёлғизлик ёки руҳий хасталиклар оқибати бўлади. Қуйида асосий омилларни келтирамиз:

1. Руҳий сиқилиш (депрессия)

2. Ижтимоий ёлғизлик

3. Оилавий муаммолар

4. Ишсизлик, иқтисодий қийинчиликлар

5. Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги салбий таъсирлар

6. Имон ва маънавиятдан узоқлашиш

Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир муаммонинг ечими бор. Диний маънавият, дуо, ибодат, тафаккур ва муҳаббат орқали ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин.

Қуръонда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, машаққат билан бирга енгиллик бор. Дарҳақиқат, машаққат билан бирга енгиллик бор.” (Иншироҳ сураси, 5-6 оятлар)

      Ҳар қандай қийинчилик – вақтинчаликдир. Исломда инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси имтиҳон сифатида қаралади. Бундай пайтларда инсон сабр қилиш, дуо қилиш, яқинлардан ёрдам сўраш, Аллоҳнинг раҳматига умид боғлаш лозим

Ўз жонига қасд қилиш – бу фақат шахсий муаммо эмас, балки жамиятнинг, оиланинг ҳам масъулияти. Қуйидаги чоралар ҳар қандай жамиятда бундай ҳолатларни камайтиришга ёрдам беради:

Оилада муҳаббат ва эшитиш маданиятини шакллантириш

Ёшларга маънавий тарбия бериш Масжидлар, мактаблар ва ОАВ орқали профилактика ишларини кучайтириш Руҳий муаммоларга эътибор бериш, психолог ёрдамини тақдим этиш. Муҳтожларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш. 

Ўз жонига қасд қилиш – ҳалол йўл эмас. Бу нафақат инсон ҳаётини охирлатади, балки охиратда оғир жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Ҳар бир инсон қийин дамларда сабр қилиши, дуо қилиши, ва ундан ҳам муҳими – ёрдам сўрашни ор деб билмаслиги керак. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан ҳар бир мўмин бандани оғир синовлардан олиб чиқувчидир.

 

Осимхон Муҳиддинов,
Наманган тумани “Саид Жалолиддин” жоме 
масжиди имом-хатиби