Байрам ва марака маросимлари

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ.

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ.

Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир. Демак, ҳақиқий мусулмон Ватанини севиши керак. Унинг келажаги учун ҳаракат қилади, уни ғанимлардан ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради.

Инсонга берилган энг катта неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.

Кимки Ватан нима эканини яхши англаб етмас экан, унинг Ватанда яшашидан ҳеч бир маъно йўқ. Шу ўринда замондош олимлардан бири айтган фикрни келтириб ўтсак: “Бугунги кунда бўлаётган тўс-тўполон, уруш-жанжаллар, ноҳақ қон тўкилиши, нотинчлик ҳамда обод жойларнинг вайрон этилишидаги энг катта сабаб одамларда ватанпарварлик ҳисси етишмаслиги, ўзгалар ватанини ҳурмат қилмасликдир”. Шу ўринда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг гапларини эслайлик: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати ила обод қилур”.

Муҳаббатни пайдо қилиш учун, аввало, хоҳиш ва ирода бўлиши ва уни яхши деб баҳолай оладиган салоҳият ҳам керак. Шунинг учун Ватан муҳаббати тилда эмас, амалда кўринадиган ишлар сирасидан.

Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бор:

  • Ватан ҳаққига дуо қилиш. 

  • Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. 

  • Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. 

Киши ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир. Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъвони қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлган айрим ватангадолар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанларини тарк этишга тарғиб қилинмоқдалар.

Бугунги кунда ҳар биримиз ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга ривожланиб бораётган ислоҳот ва ютуқларга шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган кишиларнинг ҳаққига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир. 

Аллоҳ таоло шу азиз ва мўътабар Ватанимизни бунданда фаровон ва осмонимизни мусаффо қилсин. 

Манбалар асосида тайёрланди.

 

 

Юсупов Пахриддин

Наманган туман бош имом хатиби.