Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасига эътибор қаратган. Тиниқ онг, соғлом бадан, самарали ҳаёт тарзига олиб борувчи омиллардан бири — эрта туришдир. Қуръон ва ҳадисларда эрталабки вақтга катта аҳамият берилган. Бу вақт нафақат ибодат, балки илм ўрганиш, меҳнат қилиш ва ризқ излаш учун энг баракотли фурсат деб таърифланади.
Тонг-сахар э рта туриш ва банда нинг -Аллоҳ билан муносабати .
Энг муҳими, эрта туриш мусулмонни Аллоҳга яқинлаштиради. Бомдод намози — куннинг илк ибодати бўлиб, бевосита эрта туришни талаб қилади. Қуръони Каримда шундай дейилади:
"Эртала б ва кечқурун Парвардигорингни зикр қил." (Тоҳа сураси, 130-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса эрта туришни ҳаётларида амалий намоён қилганлар. Улар бомдод намозидан олдин туриб, таҳажжуд намозини ўқирдилар, Аллоҳдан мағфират сўраб, дуо қилар эдилар.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эрта туришга тарғиблари.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан бири шундай:
"Эрталаб туришда барака бор." (Термизий ривояти)
Ушбу ҳадис эрта туриш нафақат руҳий ва жисмоний жиҳатдан фойдали, балки моддий жиҳатдан ҳам барака келтиришини билдириб турибди. Эрта турган инсон вақтини тўғри бошқара олади, иши унумли ва самарали бўлади.
3. Эрта туриш — соғлом турмуш тарзи
Ислом инсонга соғлом турмуш тарзини ўқтиради. Илмий жиҳатдан ҳам исботланганки, эрта туриш:
Тетикликни оширади.
Руҳий хотиржамлик беради.
Иш унумдорлигини кўпайтирди.
Баданни тоза ҳаво билан таъминлайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳаёт тарзларида ҳам эрта туриш доимий одат эди. Улар ҳеч қачон бомдотдан кейин уйқуга кетмас эдилар, балки саҳобалар билан учрашар, илм тарқатар, ёки рўзғор ишларига ёрдам беришарди.
4. Фарзандларга эрта туришни ўргатиш.
Ислом тарбияси фарзандларга ҳам эрта туришни ўргатишни назарда тутади. Бу уларни масъулиятли, фаол ва ибодатхон инсон қилиб тарбиялашга ёрдам беради.
Хулоса .
Эрта туриш — фақат соғлиқ учун фойдали эмас, балки одоблик, фаоллик ва баракали ҳаёт учун ҳам асосий омил ҳисобланади. Қуръон ва ҳадисларда эрталабки вақтга берилган аҳамият, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари бизни эрта туришга чорлайди.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон эрта туришни одат қилса, нафақат дунёда, балки охиратда ҳам манфаат топади иншааллох.
Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби