Ислом дини фақатгина ибодатлардан иборат бўлиб қолмай, инсониятнинг ижтимоий ҳаётини, ўзаро муносабатларини ва давлатчилик тизимини ҳам энг гўзал суратда тартибга солувчи мукаммал ҳаёт дастуридир. Бу тизимнинг мустаҳкамлиги, жамиятнинг тинчлик ва осойишталиги эса тўғридан-тўғри раҳбарга, бошлиққа итоат қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ислом таълимотида раҳбарга итоат этиш — шунчаки зарурат эмас, балки диний вазифа ва Аллоҳга бўлган итоатнинг бир қисми ўлароқ кўрилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча жойларида мўминларни раҳбарга бўйин сунишга ва жамиятда парокандалик чиқармасликка буюрган. Бу борадаги энг машҳур ва асосий оят «Нисо» сурасида баён қилинган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайгамбарга итоат қилинг ва ўзингиздан бўлган иш бошиларига (раҳбарларга) ҳам...» (Нисо сураси, 59-оят)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзига ва Расулига итоат қилишни буюриш билан бирга, мусулмонларнинг ўзларидан бўлган раҳбарларга ҳам бўйин сунишни фарз қилди. Ислом уламолари бу оятни шарҳлаб, раҳбарга итоат қилиш жамиятда адолат, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг ягона йўли эканини таъкидлайдилар. Агар ҳар ким ўз билганича иш тутса, жамиятда таназзули юзага келади, бу эса заифларнинг зулм кўришига ва юртнинг вайрон бўлишига олиб келади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини раҳбарга итоатгўй бўлишга, ҳатто ўша раҳбарнинг баъзи қарорлари шахсий манфаатларига тўғри келмаган тақдирда ҳам сабр қилишга чақирганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Ким раҳбарга итоат қилса, батаҳқиқ, менга итоат қилибди. Ким раҳбарга осий бўлса, батаҳқиқ, менга осий бўлибди».
Яна бир ҳадисда эса жамият бирдамлигини сақлаш нақадар муҳимлиги қуйидагича баён қилинади: «Ким ўз раҳбаридан ўзига ёқмайдиган бир иш кўрса, сабр қилсин. Чунки ким жамоатдан бир қарич ажралса ва шу ҳолида вафот этса, жоҳилият ўлими билан ўлибди» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадислар мусулмон киши учун давлат ва жамият раҳбарига бўлган муносабат шунчаки дунёвий иш эмас, балки охират саодатига ҳам дахлдор масала эканини кўрсатади.
Ислом тарихида раҳбарга итоат қилишнинг гўзал намуналари жуда кўп. Бу борада улуғ саҳоба, Аллоҳнинг мағлуб бўлмас қиличи номини олган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг ҳаётидан бир воқеа жуда таъсирлидир.
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида Холид ибн Валид Шом жабҳасида ислом қўшинининг бош қўмондони эди. У кетма-кет ғалабалар қозониб, халқ ўртасида обрўси беқиёс даражада ортиб кетди. Сўнг халифа Умар (р.а.) одамлар ғалабани Аллоҳдан эмас, Холиднинг шахсидан деб билмасликлари учун уни қўмондонликдан бўшатиш ва ўрнига Абу Убайда ибн Жарроҳни тайинлаш ҳақида мактуб юборди. Бу қарор урушнинг энг қизғин пайтида келган эди. Холид ибн Валид ўзининг улуғворлиги, қўшиндаги куч-қудратига қарамай, халифанинг буйруғига сўзсиз итоат қилди. У оддий аскар сифатида Абу Убайданинг қўл остида жангни давом эттирди. Одамлар ундан:
«Сиздек улуғ қўмондон қандай қилиб оддий аскар бўлишга рози бўлди?» деб сўрашганида, у тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтди:
«Мен Умар учун эмас, Умарнинг Роббиси учун жанг қиламан. Раҳбарга итоат қилиш — исломнинг буйруғидир».
Мана бу ҳақиқий иймон ва раҳбарга бўлган юксак итоат намунасидир!
Итоатнинг Чегараси Қаерда? Ислом дини раҳбарга итоат қилишни буюриш билан бирга, бунинг чегарасини ҳам аниқ белгилаб қўйган. Исломдаги қоидага кўра, раҳбарга фақат яхшиликда, шариатга зид бўлмаган ишларда итоат қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Холиққа (Яратувчига) осий бўлинадиган ўринда маҳлуққа (бандага) итоат қилинмайди» (Имом Аҳмад ривояти).
Яъни, агар раҳбар Аллоҳ ҳаром қилган бирор ишни (масалан, ноҳақ қон тўкиш, ароқ ичиш, зулм қилиш) буюрса, унга бу гуноҳ ишда итоат қилинмайди. Аммо бу бўйинсунмаслик ҳам исён кўтариш, юртни вайрон қилиш ёки қуролли тўқнашувлар чиқариш ижозати дегани эмас. Мусулмон киши гуноҳ буйруқни бажармайди, аммо жамият тинчлигини сақлаш учун умумий тартиб-қоидаларга амал қилишда давом этади.
Хулоса қилиб айтганда, раҳбарга итоат қилиш — жамиятнинг бирдамлиги, давлатнинг қудрати ва юртнинг тинчлиги гароводир. Тарих гувоҳки, қайси юртда раҳбарга ҳурмат ва итоат бўлса, ўша ерда ривожланиш, барака ва осойишталк ҳукм сурган. Қайси жамиятда эса раҳбарга қарши исён, беҳурматлик ва бошбошдоқлик авж олган бўлса, у ерда қон тўкилган, урушлар келиб чиққан ва фаровонлик йўқолган.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, раҳбарларимизни матонатли ва халқимизни ўзаро аҳил-иноқ айласин!
Анвархон Садриддинов,
Наманган шаҳар "Ҳазрати ЛАнгар" жоме
масжиди имом хатиби