Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча нарсаларни муайян сабабият қонуниятига боғлаб қўйган. Масалан, оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она сабаб бўлмаса, дунёга фарзанд келмайди. Худди шунингдек, тизимли ва гўзал тарбия берилмас экан, инсон ўз-ўзидан одобли ва ахлоқли бўлиб вояга етмайди. Шу боис ҳам Ислом динида фарзанд тарбиясига алоҳида масъулият ва жиддий эътибор билан қаралади. Бугунги кун педагогика ва психология мутахассислари: «Бола тарбиясини у туғилган илк кунлардан асло кечиктирмасдан бошлаш лозим», деб таъкидлайдилар.
Ҳозирги вақтда ғарб маданияти таъсирида «одоб» тушунчаси ўрнига «маданият» сўзини қўллаш ҳам одатга айланди. Масалан, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» ибораси ишлатилмоқда. Ваҳоланки, Ислом манбаларида ишлатиладиган «одоб» тушунчаси инсоннинг қалб поклиги, нияти ва зоҳирий хулқини қамраб олувчи жуда кенг ва теран маънога эгадир.
Одоб масаласини инсоният тарихида мукаммал ва тўлақонли равишда Ислом дини тизимга солган десак, асло муболаға бўлмайди. Исломда инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳаси — овқатланиш, муомала, саломлашиш, ухлаш ва ҳатто йўлда юришгача бўлган барча ҳолатларнинг ўзига хос одоблари белгилаб берилган. Жаҳон ахлоқшунослиги ва одобга бағишланган бебаҳо асарларнинг асосини ҳамда салмоқли қисмини айнан мусулмон алломалари томонидан битилган манбалар ташкил этади.
Шахсий намуна — тарбиянинг энг кучли қуроли
Тарбия ва одоб масаласида, аввало, ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига гўзал ва ибратли намуна бўлишлари шарт. Бола сўзлардан кўра, кўз олдида содир бўлаётган амал ва хатти-ҳаракатлардан кўпроқ хулоса чиқаради.
Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:
— Бери кел, бир нарса бераман, — деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
— Нима бермоқчисан? — дедилар.
— Мен унга хурмо бермоқчи эдим, — деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
— Агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди, — дедилар» (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз сўзида ҳам бола тарбиясига катта таъсир кўрсатувчи муҳим омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда айрим ота-оналар фарзандларини сўзларига киритиш ёки тинчлантириш учун алдашга ўтадилар. Ёлғондан бирор нарса беришни ваъда қилиб, сўнг ваъдага вафо қилмайдилар ёки болани алдаб ушлаб олиб, жазолайдилар. Бундай хатти-ҳаракатлар билан улар билмасдан боланинг маънавий тарбиясига жиддий зарар етказадилар ва унга ёмон ўрнак кўрсатадилар.
Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ ва мукаммал инсонлар бўлиб кўринади. Бола табиий равишда ота-онасига тақлид қилади ва улардан нусха олади. Бола назаридаги ана шу энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон ёлғон ишлатганидан кейин, болада ҳам «демак, ёлғон гапирса бўлар экан» деган нотўғри тушунча шаклланади.
Энг қимматли мерос — гўзал одоб
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра афзалроқ нарса бера олмайди» (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Шундай экан, ота-оналар фарзандларига доимо барча эзгу сифатларни ўз ахлоқларида намойиш этиб, салбий ва ёмон одатлардан йироқ бўлишлари лозим. Шахсий намуна кўрсатиш билан бирга, фарзандларга одоб ва ахлоқ қоидаларини зерикмасдан, сабр-тоқат ва меҳр билан мунтазам ўргатиб бориш зарур. Чунки ота-онанинг ўз жигарбандига қолдирадиган энг бебаҳо мероси ва охиратдаги энг катта бойлиги — бу унинг гўзал одоби ва соғлом тарбиясидир.
Маҳмудхон Сидиқходжаев,
Мингбулоқ тумани “Шоҳи Фозил” жоме
масжиди имом-хатиби