Ислом динида аёлларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом шариати аёлни инсоният жамиятида ўз ўрнига эга инсон эканини исботлади, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Чунки Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Жоҳилият даврида араблар аёлларни олиб-сотиш мумкин бўлган мато деб қарар эди. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).
Ислом шариати келгач, бутун инсоният орасида урчиган бундай адолатсизликни бирма-бир муолажа қила бошлади. Хусусан, жоҳилият арабларининг аёл кишига нисбатан бўлган эътиқодларини рад этди ва аёлларнинг мартабасини кўтарди.
Тарихчиларнинг айтишларича, баъзи замонларда аёлнинг эркак киши каби жони ва руҳи бор инсонми ёки йўқми, деган масалада ихтилофлар мавжуд бўлган. Аллоҳ таоло аёлни ҳам инсонийлик жиҳатидан эркаклар мартабасида эканини билдирди. “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (“Наҳл” сураси, 97-оят).
Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Бу оддий ҳаётий ҳақиқатдир. Аҳли илмнинг ёки мансабдор шахсларнинг обрў ва мартабага эришишларининг замирида ҳам мана шу ҳақиқат ётади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир.
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (“Тавба” сураси, 71-оят). Ушбу оятда мўминлар ва мўминаларнинг бир-бирларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтара оладиган тенг инсонлар экани таъкидланмоқда.
Аҳли китобларнинг баъзиларида аёл кишига маъсиятларнинг ўчоғи, ёмонликларнинг асоси деб қаралган. Айни пайтда ислом шариати жаннатнинг оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади.
Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида аёлнинг мартабасини кўтарди, шаънини улуғлади. Жумладан, уларни инсон сифатида эътироф этган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан алоҳида байъат қилдилар. Улар ҳақида алоҳида сура ва оятлар нозил бўлди. Шунингдек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Ичингизда ўз аҳли аёлига энг яхшингиз менман”, – дедилар. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг онаси мушрик бўлса ҳам унга яхшилик қилишга буюрдилар. Асмо розияллоҳу анҳо айтади: “Онам менинг олдимга келди. Бироқ у ҳамон мусулмон бўлмаган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, у зотга: “Ҳузуримга онам келибди, унга яхшилик қилаверайми?” – дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилгин”, – дедилар.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислар асосида аёлнинг барча инсоний ҳуқуқлар борасида эркаклар билан тенг эканини билиш мумкин. Бироқ оилада аёл кишининг эркак кишига нисбатан бир поғона паст бўлиши лозимлигини таъкидланган. Бу халқимизнинг кўп асрлик тажрибасидир. Қолаверса, ислом шариатининг мақсадларидан келиб чиққан десак, хато бўлмайди.
Шамсиддин Хапизов,
Наманган тумани "Халил хожи" жоме
масжид имом хатиби