Боланинг соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсон бўлиб вояга етиши оила ва жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Зеро, фарзандга кўрсатилган меҳр, берилган тарбия ва яратилган имкониятлар унинг келажагини белгилайди.
Ислом таълимида фарзанд ота-онага берилган омонат сифатида эътироф этилади. Уни асраб-авайлаш, муносиб тарбия бериш, таълим олиши учун шароит яратиш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ота-онанинг муҳим бурчидир. Қуръони каримда ҳам болаларнинг қадр-қимматини улуғлаш, уларга адолатли муносабатда бўлиш ва етимларга ғамхўрлик қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан:
«Наҳл» сурасининг 58–59-оятларида қиз фарзандни камситиш қораланса;
«Исро» сурасининг 31-оятида камбағалликдан қўрқиб фарзандларни ўлдириш қатъиян ман этилади;
«Зуҳо» сурасининг 9-оятида эса етимга қўпол муносабатда бўлмаслик буюрилади.
Бу кўрсатмалар ҳар бир боланинг ҳаёти ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш зарурлигини англатади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам болаларга меҳр кўрсатиш муҳим ўрин тутади. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» асаридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди», деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис фарзанд тарбиясида меҳр-шафқат ва раҳмдилликнинг аҳамиятини яққол кўрсатади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга қилган муомалалари ҳам бутун башарият учун фарзанд меҳри ва ҳурмати борасида бетакрор намунадир. У зот намоз ўқиётган вақтларида ҳам набиралари орқаларига чиқиб ўйнасалар, уларни койимасдан, саждани узайтириб меҳр кўрсатар эдилар. Бу ҳолат фарзандларнинг қалбига қувонч улашиш, уларнинг эркаликларини тўғри тушуниш муҳимлигини кўрсатади.
Фарзандлар ўртасидаги адолат
Ислом таълимида фарзандлар ўртасида адолатли муносабатда бўлишга ҳам қатъий чақирилади. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу билан боғлиқ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлар ўртасида адолат сақлаш зарурлигини таъкидлаганлар. Демак, болани камситиш, таҳқирлаш ёки асоссиз равишда бошқалар билан таққослаш ўрнига, уни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш лозим.
Фарзандлар ўртасидаги адолатсизлик оилавий муҳитнинг бузилишига, болалар қалбида ўзаро ҳасад ва гина-кудурат пайдо бўлишига олиб келади. Шу боисдан ота-оналар ҳар бир фарзандига бирдек эътибор қаратиб, уларнинг ёши, феъл-атвори ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлишлари талаб этилади. Бу эса келажакда аҳил ва тотув жамиятнинг шаклланишини таъминлайди.
Илм ва замонавий масъулият
Илм олиш ҳам исломий қадриятларнинг асосий йўналишларидан биридир. Қуръони каримнинг «Алақ» сураси 1–5-оятларида ўқиш ва илм ўрганишга даъват этилган. Бугунги халқаро ҳуқуқий меъёрларда ҳам болаларнинг таълим олиш ва ҳимояланиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши ва қобилиятларини ривожлантириш масалалари белгиланган.
Бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда фарзандларимизнинг жисмоний соғлиги билан бир қаторда рақамли маданият ва киберхавфсизликдан хабардор бўлишлари ҳам жуда муҳимдир. Интернет ва ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсирларидан ёшларни асраш, уларнинг вақтини фойдали машғулотлар — китоб ўқиш, спорт ва касб-ҳунар ўрганишга йўналтириш ҳар бир ота-онанинг жиддий масъулиятига айланмоғи лозим.
Етимларга ғамхўрлик қилиш
Ислом таълимида етимларга ғамхўрлик қилиш ҳам юксак инсоний фазилат ҳисобланади. Уларнинг нафақат моддий эҳтиёжларини қондириш, балки таълим-тарбияси, маънавий камолоти ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам муҳимдир.
Жамиятда етимлар ва кўмакка муҳтож болаларга меҳр кўрсатиш, уларнинг бошини силаб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш олийжаноб қадрият ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда етимга ҳомийлик қилган инсон Жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллама бирга бўлиши башорат қилинган. Бу эса жамиятдаги ҳар бир фарзандга нисбатан масъулиятли ва ғамхўр бўлиш кераклигини яна бир бор таъкидлайди.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, меҳр-шафқат, адолат, илмга интилиш ва ғамхўрлик каби исломий қадриятлар болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим маънавий асос бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир фарзанднинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, унга тенг имкониятлар яратиш ва зўравонликдан асраш ота-она ҳамда жамиятнинг умумий масъулиятидир.
Зеро, болани асраб-авайлаш — келажакни асраш демакдир.
Хўжатўхтасин Аҳмедов,
Чортоқ тумани “Султон Саид” жоме
масжиди ноиб имоми