Ислом дини фақат эътиқод ва ибодатлар мажмуаси эмас, балки мукаммал ҳаёт тарзидир. Ушбу ҳаёт тарзининг тамал тоши эса покликдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси 6-оятида намоз ўқувчиларга покланиш тартибларини батафсил баён қилган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Поклик имоннинг ярмидир", дея таъкидлаганлар.
Кўпчилигимиз таҳоратни шунчаки намоз олдидан баданни сув билан ювиш деб тушунамиз. Бироқ, ҳадиси шарифларда таҳоратнинг маънавий кучи нақадар юқори эканини кўрсатиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, мўмин киши таҳорат олаётганда:
Юзини ювганда — кўзлари билан қилган хатолари;
Қўлини ювганда — қўллари билан қилган гуноҳлари;
Оёғини ювганда — оёқлари билан юриб бориб орттирган хатолари сув қатралари билан бирга оқиб кетади.
Шу тариқа, инсон нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам покланиб, ибодатга тайёр бўлади. Таҳорат аввалги гуноҳларни ўчирувчи ва намознинг фазилатини зиёда қилувчи воситадир.
Буюк олим, муфассир ва фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ покликни кенгроқ маънода талқин қилиб, комил таҳорат учун олтита муҳим шартни санаб ўтганлар. Бу талаблар исломий поклик тушунчасининг қамрови нақадар кенглигини кўрсатади:
Қалб поклиги: Қалбни Аллоҳдан ўзганинг муҳаббатидан тозалаш.
Ахлоқ поклиги: Қалбдаги ғилли-ғаш, ҳасад ва хиёнат каби иллатларни қувиш.
Тил поклиги: Ёлғон, ғийбат, фаҳш сўз ва чақимчиликдан тийилиш.
Ризқ поклиги: Қоринни ҳаром ва шубҳали таомлардан сақлаш.
Либос поклиги: Ҳалол йўл билан топилган маблағ эвазига кийим кийиш.
Суннатга мувофиқлик: Таҳоратда исрофга йўл қўймаслик.
Ибн Мошоданинг "Шаройиъи Ислом" асарида таъкидланганидек, киши кийими ва танасини пок тутиш билан бирга ўз ичини (ботинини) пок қилишга интилиши лозим. Зеро, ички дунёси пок бўлган инсоннинг "дил шамчироғи" ёнади. Бу нур бандага
Роббининг йўлини кўришга;
Ибодат завқини туйишга;
Аллоҳнинг жамоли ва жалолига яқинлик ҳис қилишга ёрдам беради.
Қалби покланган инсон худди булбулдек Аллоҳнинг зикри билан завқланади ва Унинг лутфидан баҳраманд бўлади.
Демак муқаддас динимизда поклик фақат ташқи кўриниш эмас, балки руҳиятнинг сайқали ҳам экан. Мусулмон киши ўз уйини, кўча-ҳовлисини озода тутиши билан бирга, қалби ва тилини ҳам ёмонликлардан муҳофаза қилиши шарт. Шундагина бизнинг ибодатларимиз Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлади ва икки дунё саодатига эришиш имкони туғилади. Хулосада шуни ҳам эслатиб ўтишимиз лозимки: Покликка риоя қилиш — ҳам соғлиқ гарови, ҳам юксак маданият, ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббат изҳоридир.
Манбалар асосида тайёрланди.
Адҳамжон Абдураҳманов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом ноиби