• Home
  • Раддия
  • ИСЛОМ НИҚОБИ ОСТИДАГИ САЛАФИЙЛАР.
Раддия

ИСЛОМ НИҚОБИ ОСТИДАГИ САЛАФИЙЛАР.

ИСЛОМ НИҚОБИ ОСТИДАГИ САЛАФИЙЛАР.

Аҳли сунна вал жамоа” мусулмонларини адашган, куфр ва ширкда айблаб, ўзлари ҳақлигини иддао қилиб, уларга қўшилишни ва ҳақиқий Исломда бўлишни иддао қилмоқдалар. Шулардан бири сохта “Салафийлик” оқими аъзоларидир.

Бундай оқим ва фирқалар қандай номланмасин, уларнинг фикри ва эътиқодлари деярли бир хил. Ўзларига эргашмаганларни залолатда, куфр диёрида истиқомат қилади, ҳижрат қилиш фарз каби ботил даъволар билан баъзи бир саводи йўқ ёки динга қизиққан инсонларни миясини заҳарлаб ўз сафларига қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар бу йўлда ҳар қандай йўл билан, ҳатто ҳозирги кунда жуда фаоллик билан ривожланаётган алоқа воситалари, жумладан интернет орқали ҳам кенг тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлганлар (тобеъин)дир. Сўнгра, улардан яқин бўлганлар (табаъа тобеъин)дир. Улардан кейин ёлғончилик тарқаб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичишлик сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади” деганлар.

Шу ҳадисга биноан Ислом оламида дастлабки уч асрда яшаб ўтган мусулмон авлодларини энг яхши солиҳ инсонлар деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўртала мазҳаб-Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаби асосчилари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда айтиб ўтилган авлод вакиллари ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр вакилларини. Олимлари, фозилу авлиёларига ҳам “салафи солиҳ”, “салафий” деган атама ишлатилмайди. Аммо Ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади. Имом Шофеий бундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади”.

Бидъати ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деганлар.

Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин.

Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алайҳиссалом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўмин-мусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз ўз номи билан фақат эзгуликни тарғиб қилади.

 

Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме 
масжиди имом хатиби.