Маълумки ислом дини инсонни ҳаёти давомида барча жабҳаларини қамраб олади, ҳатто, юриш-туриши, еб-ичиши, савдо-сотиқ масалалари, никоҳ турмуш масалалари сингари ҳар бир ишларида ўз муносабатини билдирган. Ташқи муҳит ва муомалаларига аҳамият бергани билан бир қаторда инсонни ички олами, кечинмаларию туйғуларини тартибга солишни ҳам унутмаган. Аслида инсонни ташқи оламидан кўра ички оламини ислом дини катта олам деб эътироф этади. Ички оламини гўзал қилишга катта қизиқиш билдириб, алоҳида "Тазкиятун нафс" нафсни поклаш номи билан бир қанча асарлар битилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадисларида нафсга қарши курашиш яъни уни тарбия қилишни қилич жиҳодидан ҳам устун қўйганлар. Қуйида шу мавзуда маълумот бериб боришга ҳаракат қиламиз.
Аллоҳ бир оятда шундай огоҳлантиради:
— Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ҳар бир жон эрта — Қиёмат куни учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар!
Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир (Ҳашр сураси, 18-оят) .
Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хоҳлаб турадиган нафс сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафсингнинг ҳою-ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр! Чунки нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил (бузуқ) нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хом хаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир. Агар , нафсга «тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир. Нафс балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган нафсни яхши кўрган одам Яратганни таний олмайди.
Инсон Аллоҳ йўлида нималар қилгани тўғрисида, умрининг ўтган қисми устида ана шундай мулоҳаза юритса, бу мулоҳаза ўз қалбини ювиш бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрадилар:
— Яхши мавзуда бир соат мулоҳаза қилмоқ, ўйламоқ бир йиллик ибодатдан яхшироқдир.
Имом Абуллайснинг тафсирида ҳам шундайдир.
Ақлли мусулмон бўламан деган одам ўтмишда қилган ё ҳозир қилаётган хатоларидан ва гуноҳларидан воз кечсин, ўзини Аллоҳга яқинлаштирадиган гўзал феъл-атворлар тўғрисида ўйласин ва уларга соҳиб бўлиб, охиратини қутқарсин, қуруқ ва охири номаълум амаллар қилмасин, ёмон феъл ва туйғуларни тарк этишга шошилсин, доимо Аллоҳни хотирада тутсин, ҳаром ва тақиқланган нарсаларга яқинлашмасин, нафсининг ғайри ахлоқий ва ғайри машруъ истакларидан қочиб, сабру сабот кўрсатсин, нафсининг ахлоқий бўлмаган шаҳвоний истакларига тобе бўлмасин!
Нафс тарбияси борасида буюкларимизнинг сўзлари:
Сулайман (Сулаймон — Сулаймон алайҳиссалом исмлари Қуръонда келтирилган пайғамбарлардан бўлиб, Довуд алайҳиссаломнинг ўғлидирлар. Ота васияти билан Байт-ул Мақдисни етти йилда иншо қилдирдилар. Қуддусда маҳобатли бир ҳукумат саройи қурдирдилар. 40 йил ҳам шоҳлик, ҳам пайғамбарлик қилдилар) алайҳиссалом:
— Менимча, нафсини синдириб, тарбиялай олган кимса, ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кучлироқдир.
Али розияллоҳу анҳу : - Мен ва нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон сурувни бир томондан тўплайди, бир томондан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, унинг истакларини тўхтатиб қололса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбини ўлдириб, ундаги илоҳий ва инсоний туйғуларни ҳалок этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн этилади. Аллоҳ барчамизга қалб гўзаллигини насиб этсин.
Манбаълар асосида тайёрланди
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Бузрукҳўжа эшон” жоме
масжиди имом хатиби