Таълим тарбия

ИНТЕРНЕТ “ЎРГИМЧАК ТЎРИ”

ИНТЕРНЕТ “ЎРГИМЧАК ТЎРИ”

Ушбу “ўргимчак тўри” домига халқимиз, хусусан, ёшларни тушиб қолишдан асраш, уларни ижтимоий тармоқларнинг хатарларидан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб хатарлари бор. Қуйида улардан айримларига тўхталиб ўтамиз.  

Ижтимоий тармоқларнинг хатарларидан бири турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, бўҳтонлар ҳамда уйдирмаларни урчитиш ҳолатларидир. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (“Ҳужурот” сураси 6-оят). 

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти). 

Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда. 

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ҳамда обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир.  

Интернетнинг яна бир хатари бу - турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланишаётганидир. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда. 

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди. 

Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди.  

Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривояти). 

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар. 

 

Фазлиддин Салимов, 
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме 
масжиди имом-хатиби