Жаҳолатга қарши маърифат

ИНТЕРНЕТ ДАВРИДА ДИНИЙ ОНГНИ АСРАШ

ИНТЕРНЕТ ДАВРИДА ДИНИЙ ОНГНИ АСРАШ

Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. У орқали илм оламидан баҳраманд бўламиз, хабар оламиз, дин ҳақида турли маълумотларга эга бўламиз. Аммо шу билан бирга, интернетда нотўғри талқинлар, сохта “диншунослар”, ёлғон даъватчилар ва фитначилар ҳам фаолият юритмоқда. Шунинг учун мусулмон киши учун интернет даврида диний онгни асраш, тўғри манбалардан фойдаланиш ва ақлни ишлатиш ғоят муҳимдир. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар”(Наҳл сураси, 43-оят) Бу оят ҳар бир мусулмонга огоҳлик беради: илмсиз фикр билдириш ёки ҳар қандай маълумотга ишониш динда катта хатарга сабаб бўлади. Интернетда тарқалаётган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширмасдан қабул қилиш, баъзан инсонни адашишга, ҳатто экстремистик ғояларга элтиб қўяди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сoллаллоҳу алайҳи васаллам)шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, фақат яхшиликни сўзласин ёки сукут сақласин.” (Имом Бухорий ривояти) Бу ҳадис интернет фойдаланувчилари учун ҳам муҳим. Чунки ҳар бир лайк, шарҳ ёки тарқатилган хабар — сўзнинг бир кўриниши. Агар у фитнага, нафратга ёки нотўғри талқинга сабаб бўлса, инсон унинг гуноҳидан ҳам масъул бўлади. 

Диний онгни асраш учун мусулмон қуйидагиларга амал қилиши лозим:

  1. Тўғри манбалардан фойдаланиш. Муътабар уламоларнинг расмий саҳифалари ва ваколатли диний идора маълумотларига ишониш.

  2. Ҳиссиётга берилмаслик. Ҳар қандай диний хабарни илгари суришдан олдин унинг манбасини текшириш.

  3. Ақл ва илм билан ёндашиш. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Улар фикр юритмайдиларми?” (Ёсин сураси, 68-оят) деб инсонни тафаккурга чорлайди. Интернетдаги диний жаҳолатга қарши энг катта қурол — илм ва маърифатдир. Чунки илм нуридир, жоҳиллик эса зулмат. Аллоҳ таоло айтганидек: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” (Зумар сураси, 9-оят)

Хулоса  қилиб айтганда, интернет даврида мусулмоннинг бурчи — динни тўғри англаш, фитначиларнинг найрангларига учмаслик ва ҳар бир маълумотни илму зикр асосида баҳолашдир. Шундагина жамиятимизда соғлом ақида, тинчлик ва маънавият мустаҳкам бўлади. 

Нуруллохон Жамалов,
Наманган шаҳри “Яҳёхон Тўра” жоме 
масжиди имом-ҳатиби