Инсон Аллоҳ таоло яратган мавжудотлар ичида энг мукаррами, энг улуғи бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Албатта, Биз Одам болаларини азиз қилдик, уларга қуруқлик ва денгизда (минишга) воситалар бердик, пок нарсалардан ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан афзал қилиб қўйдик." (Исро, 70). Бу оят инсоннинг Аллоҳ ҳузуридаги улуғ мартабасини, унинг ҳурматга ва қадрлашга лойиқ эканлигини кўрсатади. Ислом дини инсон қадрини улуғлайди ва унинг ҳаётини, шаънини ҳимоя қилишни барчамизнинг вазифамиз деб билади.
Инсоннинг яралишидаги улуғлик ҳам жуда эҳтиромлидир. Аллоҳ таоло инсонни ўзининг мўжизакор қудрати билан яратар экан, унга руҳидан пуфлади ва осмонлар-у ердаги барча нарсаларни инсоннинг хизматига қўйди. Қуръони каримда шундай дейилади: "Биз инсонни гўзал шаклда яратдик." (Тиин, 4). Мазкур оят инсоннинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан мукаммаллигини билдиради. Инсоннинг ўз қадри ва ҳурматини билиши уни нафақат Аллоҳ ҳузурида, балки жамият олдида ҳам обрўли қилади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ сизларнинг қиёфаларингизга ва мол-мулкингизга эмас, қалбларингиз ва амалларингизга назар солади." (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис инсоннинг қадри унинг тақвоси, гўзал ахлоқи ва қилаётган амаллари билан ўлчанишини билдиради.
Инсон ҳаёти – муқаддас оманатдир. Ислом дини инсон ҳаётини улуғ қадрият деб билади ва уни сақлашни энг олий вазифалардан бири сифатида белгилайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюради: "Ким бир жонни (ноҳақ ўлдиришдан) сақлаб қолса, у гўё барча инсонларни ҳаётга қайтарган бўлади." (Моида, 32). Бу оят ҳар бир инсон ҳаётининг қанчалик қиммат эканини, унинг шаънини ҳимоя қилиш барча мусулмонлар учун масъулият эканини кўрсатади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул Вадода умматларига мурожаат қилиб: "Сизларнинг қонларингиз, мол-мулкингиз ва шаънингиз Қиёмат кунига қадар бу ой, бу кун ва бу макон каби ҳурматлидир." (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадис инсон шаъни ва мол-мулкини поймол қилиш Исломда қаттиқ қораланганини очиб беради.
Адолат ва ҳурмат – инсон қадрининг асосидир. Аллоҳ таоло инсон қадр-қимматини сақлаш учун адолатни ўрнатишни буюради. Қуръони каримда шундай дейилади: "Албатта, Аллоҳ адолат қилишни, яхшилик қилишни ва қариндошларга эҳсон қилишни буюради." (Наҳл, 90). Адолат ўрнатилган жойда инсоннинг ҳуқуқлари таъминланади, шаъни ва ҳурмати сақланади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Сизлардан бирортангиз ўзи учун истаган нарсани биродари учун ҳам истамагунча ҳақиқий мўмин бўлмайди." (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадис мусулмонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатнинг қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Инсоннинг руҳий юксалиши муваффақиятга олиб борувчи муҳим сабаблардан биридир. Ислом инсонни нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам улуғлашга чорлайди. Аллоҳ таоло бандаларига билим олишни, тақво ва ибодат билан юксалишни буюради. Қуръони каримда айтилади: "Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражалар билан юксалтиради." (Мужодала, 11). Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Инсонларнинг энг яхшиси – бошқаларга фойдали бўлганидир." (Имом Табароний ривояти). Бу далиллар орқали инсоннинг ҳақиқий қадри унинг Аллоҳ йўлида қилаётган эзгу амалларида эканини билиб оламиз.
Хулоса қиладиган бўлсак, Инсон қадрини улуғлаш – Исломнинг асосий тамойилларидан биридир. Ҳар бир мусулмон ўз биродарининг ҳаёти, шаъни ва ҳурматини сақлашга масъулдир. Аллоҳ таоло барчамизга ўз қадриятларимизни билишни, бошқаларнинг қадрига етишни ва уларга фойдали инсон бўлишни насиб қилсин.
Абдумуталиб Масалиев,
Чуст тумани “ Балиқчи” жоме
масжид имом-хатиби