Жамият аъзоларига муносабат

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ - БУЮК МУҲАДДИС

ИМОМ ТЕРМИЗИЙ - БУЮК МУҲАДДИС

Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Суламий Зарир Буғий Термизий. Милодий 824-йили (ҳижрий 209) Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Вафоти ҳам мазкур қишлоқда милодий 892-йили (ҳижрий 279) бўлгани ҳақида манбаларда келтирилган. Имом Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тарихчилар у кишининг: “Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келган”,  деган фикрини келтириш билан чегараланадилар. Шунингдек, Имом Термизийнинг кўзи ожизлиги хусусида ҳам ёзма манбаларда турли-туман маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганини ёзадилар. 

Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки илмни ҳам шу шаҳарда олган. Имом Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийрак бўлган. Хотираси мустаҳкам, зеҳни ўткир бўлгани ҳақида тарих асарларида зикр қилинади. Айниқса, тенгқурлари орасида бу фазилатлари сабаб ажралиб турган. Ҳадис илмини эгаллашда ва уни мукаммал ўзлаштиришда ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олган. Унинг устозларидан Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдурраҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар Марвазий ва яна бир қанча таниқли муҳаддисларни келтириш мумкин. 

Имом Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Унинг шогирдларидан Мақҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад Насафий, Ҳаммод ибн Шокир, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий, Абу Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий каби етук олимларни санаб ўтиш мумкин. 

Имом Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаб, бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига сафар қилган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг таъкидлашича, Имом Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида Имом Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларидан таълим олади. 

Имом Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишонарли тўплам”), “аш-Шамоил ан-набавия”, “ал-Илал фил-ҳадис” (“Ҳадислардаги иллатлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “ат-Тарих” (“Тарих”), “Китоб аз-зуҳд” (“Зоҳидлик китоби”), “Китоб ал-асмо вал-куно” (“Исмлар ва кунялар китоби”) каби асарлар шулар жумласига киради.  

"Ал-жомеъ ас-саҳиҳ" асари илмий манбаларда “Жомиъ ат-Термизий”, “Саҳиҳи Термизий”, “Сунани Термизий” номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади. Аллоҳга ҳамд бўлсин, юртимиз уламолари томонидан мазкур буюк асар таржима қилиниб, "Сунани Термизий" номи остида халқимизга тақдим қилинди. Қолаверса, улуғ алломага бўлган ҳурмат, унинг шахсига бўлган фахримизнинг ёрқин ифодаси сифатида 2022-йили муҳтарам Президентимиз томонидан “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази"ни ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида алоҳида қарори эълон қилинди. Албатта, бу қувончли воқеа ҳар бир илму-маърифат ихлосмандлари учун чин маънода қувонарли ҳол бўлди. Яъни, мазкур Қарорнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири – Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдир. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси ўсиб келаётган келажак авлод учун аждодлар меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, халқимиз ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш учун улкан имкониятдир.  

2024 йил 17-18 октябрь кунлари Президент Қарорига асосан “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий анжуман бўлиб ўтади

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда илм олишга ҳукуматимиз томонидан кенг имкониятлар берилаётганини инобатга олиб, барчамиз Имом Термизий каби буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганишимиз лозим ва лобуддир. 

 

Қодиржон Умурзақов,  
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме   
масжиди имом-хатиби