Жамият аъзоларига муносабат

ИЛМ АҲЛИНИНГ ҚАДРИ НАҚАДАР УЛУҒ

ИЛМ АҲЛИНИНГ ҚАДРИ НАҚАДАР УЛУҒ

Инсон ҳаётга келар экан, моддий ва маънавий озуқа билан камол топади. Бу икки озуқасиз комил инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Сув, ҳаво, овқат, кийим-кечак ва уй-жой танни асровчи моддий манба бўлса, одоб, илм ҳамда тарбия руҳни поклавчи маънавий озуқадир.

Уламолар ва устозлар маънавият осмонида атрофга нур таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Уларнинг машаққатли меҳнати ва таълим-тарбияси туфайли инсонлар маърифатнинг ёрқин йўлини топадилар, жаҳолат ва эътиқодсизлик туманидан халос бўладилар.

Халқимиз устозларни бежиз боғбонга қиёсламайди. Боғбон ниҳол парваришлаб, мевали боғу бўстон барпо этса, устоз инсон қалбига эзгулик уруғини қадаб, ундан комил шахсни етиштиради. Устознинг меҳнат натижаси ва меваси дарҳол эмас, балки йиллар ўтиб намоён бўлади. Илм туфайли ҳаётда ўз ўрнини топиб, элига, Ватанига ва динига нафи тегаётган ҳар бир инсоннинг зафарида устознинг беминнат ҳиссаси бор. Шунинг учун ҳам доно халқимиз: «Устоз — отангдек улуғ!» деб алоҳида эъзозлайди. Абдураҳмон Жомий айтганидек:

Устод, муаллимсиз қолганда замон,

Нодонликдан қора бўларди жаҳон.

Ислом динида Аллоҳ азиз ва мукаррам қилган зотларни ҳурмат қилиш — юксак ибодат ва тақво нишонасидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло қадрини баланд қилган нарса ва шахсларни эъзозлаш қалб тақвосидан экани таъкидланади. Устоз, муаллим ва аҳли илмлар ана шундай икки дунёда иззатга сазовор қилинган тоифага мансубдир.

Илм аҳлининг даражаси ҳақида «Мужодала» сурасининг 11-оятида шундай баён этилади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

Ҳадиси шарифларда ҳам олим ва муаллимнинг фазилати юксак баҳоланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатидан афзал экани, қиёмат кунида олимлар шафоат қилиш шарафига эришиши ва ҳатто денгиздаги балиқларгача уларнинг ҳаққига истиғфор айтиши саҳиҳ манбаларда ривоят қилинган.

Шу боис, илм йўлини танлаган ҳар бир толиб: «Устозингга фидо бўл, токи у сенга билим эшигини очсин», деган қоидани қалбига жо айламоғи лозим. Устозга бўлган камтарлик, итоат ва юксак ҳурмат — аслида эгалланаётган илмнинг баракаси ва зиёси манбаидир.

Шу билан бирга, устоз ва уламоларимиз ҳам ўз зиммаларидаги масъулиятни бир лаҳза бўлсин унутмасликлари лозим. Жамият орасида ўзини тутиш, кийиниш ва муомала маданиятида ибрат бўлиш, илмни мунтазам ошириб бориш ва ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш уларга қўйиладиган муҳим талабдир.

Солиҳ аждодларимиз устозлар ҳаққини юксак қадрлаганлар. Ҳазрати Алишер Навоий таъкидлаганларидек:

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Бугунги кунда устоз-шогирдлик анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш — миллий ва маънавий ўзлигимизни мустаҳкамлашнинг энг ишончли йўлидир. Ҳар бир шогирд ўз устозининг хизматини қилиб, дуосини олишни ҳаётий бурч деб билиши керак.

Бугунги кунда юртимизда илм соҳибларига ва устозларга алоҳида эътибор, ғамхўрлик ва эҳтиром кўрсатилаётгани қувонарли ҳолдир. Зеро, устозга эҳтиром — илмга эҳтиром, илмга эҳтиром эса миллат ва келажакка бўлган эҳтиромдир.

Фазлиддин Салимов,

Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме 
масжиди имом-хатиби