Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Икки неъмат борки, кўп одамлар уларнинг қадрига етмайдилар: соғлиқ ва бўш вақт». (Имом Бухорий ривояти)
Аллоҳ таоло инсонга саноқсиз неъматлар ато этган. Кўз, қулоқ, ақл, оила, ризқ ва бошқа неъматлар ичида шундай икки буюк неъмат борки, инсон улардан маҳрум бўлмагунча уларнинг қийматини тўлиқ англамайди. Улар — соғлиқ ва вақт.
Соғлиқ – қўлдан кетмасидан қадрини бил
Бугун соғлом юрибмиз, намозга турибмиз, фарзандларимиз бағридамиз. Аммо бир кунлик оғриқ ҳам инсонга соғлиқнинг нақадар улкан неъмат эканини англатиб қўяди.
Салафлардан бири айтган экан: «Бир кеча тишим оғриди. Ўша кечада менга бутун дунё бойлиги берилса ҳам, оғриқсиз бир соатга алмаштирган бўлардим».
Қанчадан-қанча инсонлар касалхонада ётиб, бир қадам юришни, бир марта сажда қилишни, бир марта фарзандини бағрига босишни орзу қилади. Биз эса кўпинча соғлигимизни оддий ҳол деб қабул қиламиз.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: «Сўнгра ўша кунда неъматлар ҳақида албатта сўралажаксиз». (Такосур сураси, 8-оят)
Қиёмат куни инсон соғлиги қаерда сарфлангани ҳақида ҳам жавоб беради.
Вақт – қайтиб келмайдиган бойлик
Дунёда пул йўқотилса топилади. Мол-мулк кетсақайта йиғилади. Аммо ўтган бир дақиқа ҳеч қачон қайтиб келмайди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Эй инсон! Сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир қисминг кетади».
Бугунги ёшлик эртага қариликка айланади. Бугунги имконият эртага афсусга айланиши мумкин.
Қабристонда ётганлар биздан кўра кўпроқ бойликни эмас, балки бир кунлик умрни орзу қиладилар. Чунки бир кунлик умр билан тавба қилиш, икки ракъат намоз ўқиш, бир муҳтожга ёрдам бериш мумкин эди.
Бир солиҳ кишидан сўрашибди:
— Дунёдаги энг қиммат нарса нима?
У зот:
— «Ҳозир сен яшаб турган лаҳза», деб жавоб берибди.
— Нега?
— «Чунки кечаги кун қўлингдан кетди, эртанги кунга етишишинг кафолатланмаган. Сенинг ҳақиқий бойлигинг фақат ҳозирги вақтингдир».
Дарҳақиқат, инсоннинг ҳар бир нафаси уни охиратга яқинлаштирмоқда.
Хулоса шуки
Азиз мўмин биродар!
Соғлигингиз бор экан — ибодат қилинг.
Вақтингиз бор экан — илм ўрганинг.
Қувватингиз бор экан — яхшилик қилинг.
Чунки бир кун келиб инсон: «Кошки эди, ҳаётим учун бирор нарса тақдим қилган бўлсам!» дейди.
Аллоҳ таоло бизларга соғлиқ неъмати ва вақт неъматининг қадрига етадиган, уларни Унинг розилиги йўлида сарфлайдиган бандаларидан бўлишни насиб этсин.
Музаффархон Ибрагимов ,
Наманган ша ҳ ар “ Мулла Абдулқодир охунд ” жоме
масжиди имом хатиби