Ақидадан адашмайлик

ИЙМОН, АҚИДА, ИХЛОС ВА АМАЛ

ИЙМОН, АҚИДА, ИХЛОС ВА АМАЛ

 

(Иймон ҳаловати ақида мусаффолигидадир рукни остида)

Шайх Муҳаммад Ғаззолий роҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор. Инсонни  иймонга мажбурлаш уни мусулмон қила олмаганидек уни бир фазилатга мажбурлаш ҳам уни фозил инсон қилиб қўймайди. Нафс ва ақлнинг ҳуррияти масъулиятнинг асосидидир. Дарҳақиқат, инсонга иймон ҳаловатини ҳис эттириш учун, унинг эътиқодига қаралади. Чунки, инсонни ақида бошқаради. Агар ақида бўлмаса, ёки бузуқ бўлса унинг тақозоси ҳам шунга кўра бўлади. Шунинг учун Ислом таълимни баъзан нафл ибодатлардан устун қўяди. Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши жуда ҳам муҳим. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқ. Суфён ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис. У зот айтадилар: Мен: "Ё Расулуллоҳ! Менга ислом тўғрисида мендан олдин сиздан бирон бир киши сўрамаган нарсани айтинг", дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт, сўнг шу сўзингда мустаҳкам бўл", дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Ушбу ҳадиси шариф ислом ва иймондаги барча маъноларни ўз ичига олади. Аллоҳнинг Каломи бунга далил: "Албатта «Роббимиз Аллоҳдир» деган, сўнгра бунда мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар". (Аҳқоф сураси, 13 оят).

Орифларнинг сўзи бор. Истиқоматда нажот иккита амрга боғлиқдир, аввало, Аллоҳга бўлган иймон саломат бўлмоғи, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган амрларга зоҳиран ва ботинан эргашмоқдир.

Демак, инсон иймон ҳаловатини топмоқни истаса, энг аввало уша иймони саломат бўлмоғи даркор экан. Бу дегани, иймон ўрнашадиган қалб, бузуқ эътиқоддан пок ва мусаффо бўлмоғидир. Шу билан бирга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, иймонни камолотга етишидан дарак экан. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг аксар ўринларида иймонга чақирар экан, ортидан солиҳ амаллар қилишга ундайди. Солиҳ амаллар дегани бу - юқорида зикр қилинганидек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зоҳиран ва ботинан мутобаатда бўлмоқдир. Агар инсоннинг иймони қалбидагина бўлиб, юзага чиқмас экан, ундан ҳеч-қандай наф йўқ. Қалбим тоза, Аллоҳни қалбан ҳис этишимиз кифоя деб, амали унинг аксини кўрсатса, демак иймон маскани мўртдир.

Қалблардагина қоладиган ва ҳаётда ўрни бўлмаган исломга даъват қилинмаган. Ундай исломнинг ўзи йўқ. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Иймон етмиш нечта ҳам бўлак, унинг афзали ла илаҳа иллаллоҳ, деган калимаси бўлса, унинг энг пасти, йўлдан азиятни кўтармоқдир", дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Мазкур таълимотлардан кўриниб турибдики, инсон иймон ҳаловатини топишни истаса, энг аввало ақидасини покласин. Амалида ихлос бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда намуна бўлсин. Юриш-туришидан Ислом ва иймон уфуриб тўрсин. Чунки, айтмасак бўлмайди, бугунги кунда мусулмонликни даъво қиламиз, иймонимиз камолотга етгандек ўзимизни тутамиз, лекин қилаётган ишларимиз амалимиз билан ҳамоҳанг эмаслиги баъзи ўринларда намоён бўлиб қолади. Йўллардаги тартибсизлик, ахлатлар махсус идишда бўлмай, кўчаларда ёйилиб ётиши, автоуловлардан баклашка ва шунга ўхшаш бўш идишларни, у сигарет қутилари бўладими ёки бошқами, тўғри келган жойларга улоқтириб юбориш ҳолатлари, айниқса, дангаса, ишёқмас, бекорчи ёшларнинг майда-чуйда безориликларга ўралашиб қолиши ва яна бошқа нохуш ҳолатлар бу - инсонларнинг ҳақиқий исломга, яъни иймон амал билан ҳамнафас бўлишга чақирганларга эргашиши эмас, балки уша қалбим тоза бўлса бўлди, дейдиганларга мутобаатда бўлишларининг ҳосиласидир. Албатта, бунинг ечими ўзимизда. Оила ҳам кичик жамият, дейилганидек, иймон ва ислом неъмати бирла тўйинишимиз учун, энг аввало ўзимизни ислоҳ қилиб, сўнгра фарзандларимиз ҳақиқий мўмин-мусулмон сифатида шаклланса, иймон ҳаловатини тотган бўламиз.

Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"

масжиди имом хатиби