Жамият аъзоларига муносабат

ЯХШИЛИКНИНГ КЎЛАМИ КЕНГ

ЯХШИЛИКНИНГ КЎЛАМИ КЕНГ

Ҳаёт суръати тезлашгани сайин кундалик ташвишлар орасида кўпгина кичик яхшиликларни назар-писанд қилмай қўямиз. Кимгадир берилган арзимасдек туюлган ёрдам, йўқсилнинг ҳолидан хабар олиш ёки шунчаки илиқ табассум кўзга кўринмайдигандек туюлади. Аммо доно халқимиз ва бой маънавий меросимиз бизни доимо бир ҳақиқатга чорлайди: яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди!

Мусулмон кишининг фазилати шундаки, у қилаётган эзгу аъмолини ҳажмига ёки кўламига қараб баҳоламайди. Гарчи амал жуда оддий ва арзимас кўринса-да, унда холис ният ва эзгу мақсад мужассам бўлса, унинг Яратган ҳузуридаги қадри жуда баланддир. Садақа ёки эҳсон фақатгина моддий бойлик, катта маблағ улашишдан иборат эмас. Йўлдаги озор берувчи нарсани четга суриб қўйиш, атрофдагиларга оғирини енгил қилишга кўмаклашиш, инсонларнинг дилини хушнуд этиш ва хайрли дуо олиш ҳам улкан эҳсондир.

Ҳақиқатдан ҳам, эзгуликнинг кўринишлари ранг-баранг ва чексиздир: муҳтожнинг эҳтиёжини қондириш, қийналганларга ёрдам бериб, мушкулини осон қилиш, оғир дамларда елкадош бўлиш, ғам-андуҳга ботганлар юзига табассум улашиш ҳамда илиқ сўз билан кўнгил кўтариш шулар жумласидандир. Бу каби хайрли ишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, уларни амалга ошириш учун инсондан катта моддий имконият талаб этилмайди — бунинг учун оддийгина самимий эътибор ва озгина ҳаракатнинг ўзи етарлидир.

Халқимизда: «Яхшилик ҳеч қачон ерда қолмайди», деган нақл бежиз айтилмаган. Ҳар бир тирик жонзотга — хоҳ у инсон бўлсин, хоҳ бир жонвор — меҳр кўрсатиш инсоннинг қанчалик юксак маънавий ва ахлоқий даражада эканини ифодалайди. Уларга нисбатан шафқатли бўлиш, озор бермаслик ва мурувват кўрсатиш асл инсоний бурчимиздир.

Ҳадис китобларимизда бу борада ибратли бир ривоят келтирилади:

«Бир киши йўлда кетаётиб, жуда қаттиқ чанқади. Сўнг бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит чанқоқдан ҳарсиллаб, ҳўл тупроқни яламоқда эди. У одам ўзича: “Мен қандай чанқаган бўлсам, бу ит ҳам шундай чанқабди”, деди-да, қудуққа қайта тушди. Махсисини сувга тўлдириб, оғзида тишлаганча юқорига кўтарилди ва итни суғорди. Бу қилмиши учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлди ва гуноҳларини кечирди».

Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларга қилинган яхшилик учун ҳам ажр-савоб бериладими?» деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир тирик жигар эгасига (жонзотга) қилинган яхшиликда ажр-савоб бордир», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Жамиятни ва атрофимизни эзгулик томон ўзгартириш учун улкан кашфиётлар ёки мислсиз бойлик шарт эмас. Кўпинча кундалик ҳаётимиздаги оддий ва самимий муносабатлар: биргина илиқ сўз, йўловчига кўрсатилган ҳурмат, табиат ва ҳайвонот оламига нисбатан шафқат ва меҳр дилларни юмшатади, жамиятга тотувлик олиб киради.

Унутманг, қилинган ҳар бир эзгулик ҳеч қачон изсиз йўқолмайди. У ҳар доим қайтади — аввало қалбингизга осойишталик ва ҳаловат, кейин эса хонадонингиз ва жамиятингизга барака бўлиб қайтиб келади. Бугун бошқаларга илинган кичик бир табассумингиз ёки кўрсатган кичик кўмагингиз катта хайрли ўзгаришларнинг бошланиши бўлиши мумкин.

Абдулбоқий ТУРСУНОВ,

Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом-ноиби