Инсоннинг энг катта неъматларидан бири — тилдир. Аммо тил инсонни жаннатга ҳам, ҳалокатга ҳам олиб бориши мумкин. Шунинг учун мусулмон киши тилини эҳтиёт қилиши лозим. Айниқса, ғийбатдан сақланиш жуда муҳим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими? Уни ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир».(Ҳужурот сураси, 12-оят)
Эътибор беринг: Аллоҳ таоло ғийбатни оддий бир гуноҳ сифатида эмас, балки ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатмоқда. Чунки ғийбат қилинаётган инсон ўша пайтда йўқ — у ўзини ҳимоя қила олмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбатнинг таърифини шундай баён қилганлар: «Ғийбат — биродаринг ҳақида у ёқтирмайдиган нарсани айтишингдир».
Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтган нарсамиз унда ҳақиқатан бор бўлса-чи?» — деб сўрашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан. Агар унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан». (Имом Муслим ривояти)
Демак, «Мен ёлғон гапирмаяпман-ку», деган баҳона ғийбатни ҳалол қилмайди. Агар инсоннинг ўзи эшитса, ёқтирмайдиган ҳақиқатни унинг ортидан айтиш ҳам ғийбатдир.
Ғийбатнинг оғирлиги
Баъзан одамлар бир жойга йиғилиб, бир кишининг камчилигини гапиришади. Бири: «Мен фақат ростини айтяпман», дейди. Иккинчиси: «Менинг ниятим ёмон эмас», дейди. Аммо инсоннинг нияти яхши бўлса ҳам, ҳаром қилинган иш ҳалол бўлиб қолмайди.
Энг хавфлиси — ғийбат баъзан кулги ва ҳазил билан бошланади. Бир кишининг ташқи кўриниши, юриши, кийиниши, оиласи, иши ёки хатоси масхара қилинади. Ҳамма кулади. Аммо бир инсоннинг шаъни ерга урилган бўлади.
Бир киши бир олимнинг олдига келиб:
— Фалончи сиз ҳақингизда ёмон гапирди, — деди.
Олим унга бир сават пат бериб:
— Шу патларни кўча-кўйга сочиб кел, — деди.
У киши айтилганини қилди. Кейин қайтиб келди.
Олим:
— Энди бориб, ҳамма патларни йиғиб кел, — деди.
У киши:
— Бунинг иложи йўқ. Шамол уларни ҳар тарафга учириб кетди, — деди.
Шунда олим:
— Ғийбат ҳам худди шундай. Тилингдан чиққан бир оғиз сўзни кейин ҳамма жойдан йиғиб олишнинг иложи йўқ, — деди.
Бу ривоят бизга жуда катта сабоқ беради. Инсон бир оғиз сўз билан бир кишининг обрўсига путур етказиши мумкин. Кейин «Мен ҳазиллашгандим», «Мен бундай демоқчи эмасдим», деса ҳам, тарқалган гапни қайтариш осон эмас.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки сукут қилсин», деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Келинг, тилимизни ғийбатдан сақлайлик. Биродаримиз ҳақида ёмон гап эшитсак, уни тарқатмайлик.
Бирор кишининг айбини кўрсак, уни элга ёйиш ўрнига насиҳат қилишга ҳаракат қилайлик.
Чунки биз бу дунёда одамларнинг айбини санаш учун эмас, ўз айбларимизни тузатиш учун яшаяпмиз.
Аллоҳ таоло тилимизни ғийбатдан, қалбимизни кибр ва ҳасаддан покласин. Бизларни бир-биримизнинг обрўси ва шаънини ҳимоя қиладиган солиҳ бандаларидан қилсин. Омин.
Абдулвоҳид Исақов,
Янгиқўрғон тумани “Исхоқ ҳожи” жоме
масжиди имом ноиби