Жаҳолатга қарши маърифат

ФИТНАЧИЛАРДАН ОГОҲЛИК ДИНИМИЗ ТАЛАБИ.

ФИТНАЧИЛАРДАН ОГОҲЛИК ДИНИМИЗ ТАЛАБИ.

Муқаддас Ислом дини таълимоти инсонларни доимо ўзаро ҳурмат, биродарлик, ота-онани ҳаққи, фарзандлар ҳаққи, қўни-қўшничилик ҳақлари, табиат ва борлиққа муносабат, ҳатто бошқа диндагилар билан ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик асосида ҳаёт кечиришни тарғиб қилади. Ислом сўзининг маъноси тинчлик дегани. Тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади, орзу-ҳаваслар амалга ошади. Аммо, холва деган билан оғиз чучумаганидек, бугунги тинчлик ва фаровон ҳаётимиз ҳам ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда, ҳукуматимиз бошчилигида қанчадан-қанча ходимларнинг заҳматли меҳнати борлигини қалбан ҳис қилишимиз керак ва юртимиз тинчлиги учун ҳар биримиз ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшишимиз керак. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар”. 

Бошқа бир ривоятда: “Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” ибораси зиёда қилинган. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. 

Ҳақиқатан ҳам вақти-вақти билан Исломда хаворижлар, рофизийлар, қадарийлар, муржийлар, ҳашшошийлар ва шунга ўхшаш кўплаб тоифалар пайдо бўлиб, уларга ҳеч ким эргашмаганлиги сабабли, ўзининг қисқа умрини ўтаб, йўқолиб кетган. Бугунги кунда пайдо бўлган “Салафийлик”, “Ҳизбуттаҳрир”, “Акромийлик” каби оқимлар хам Ислом номидан гапирсаларда ҳадисда келган тоифалардандир. Аммо, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари таълимотлари асосида жорий қилинган, аҳли сунна-валжамоат (яъни, суннийлик) йўналиши ўн беш асрдан буён, инсониятни яхшиликка бошлаб келмоқда. Суннийлик йўналишида тўрт мазҳаб бўлиб, бир-биридан жуда оз фарқ қилади. Булар Ҳанафий (ИмомАъзам мазҳаби), Шофиъий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир. Ота боболаримиз қадимдан Ҳанафий мазҳабида амал қилиб келган. Сир эмас, Исломни ҳаққонийлиги сабабли дунёда кўплаб одамлар мусулмончиликни қабул қилмоқда.  Бундан хавотирга тушган айрим сиёсий доиралар Исломни ёмон отлиқ қилиш мақсадида турли фитналар уюштирмоқда.  

Исломофобия—исломдан қўрқитиш, Исломдан нафратлантириш, Исломдан бездириш маъноларини билдиради. Бу фитнанинг бошида учинчи (кўринмас) қўлнинг борлигини ҳам билиши керак. Ҳадиси шарифда айтиладики, “...ўлдирувчи нима учун ўлдирганини, ўлдирилган нима сабабдан ўлганини билмайдиган кун келмагунча қиёмат бўлмайди”. Ўсиб келаётган ёшларни турли ёт оқимлардан асраб авайлаш, уларда замонавий маънавий иммунитетни шакиллантириш юртимиз келажагининг энг асосий пойдеворидир.    Юртимиз келажаги ёшларимиз қўлида экан, уларни ҳар хил  фитналардан огоҳлантиришимиз бизнинг биринчи вазифамизга айланиши керак. 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ : " سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ " (متفق عليه) 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мусулмонни ҳақорат қилиш фисқ (гуноҳдир), уни ўлдириш эса куфрдир." (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).  

Одамларни ҳақорат қилмаслик – тил билан озор бериш, ҳақорат қилиш, кимнидир ноҳақ ёмонлаш катта гуноҳдир. 

Мусулмонлар ўртасида фитна чиқармаслик – биродарлик ва муҳаббатни сақлаш керак, низолардан узоқ бўлиш керак. 

Зулм ва адолатсизликка йўл қўймаслик – инсонларга ёмонлик қилиш, ноҳақ зулм ўтказиш қаттиқ қораланган. 

Ислом дини инсонларни биродарлик ва меҳр-муҳаббатга чақирган. Агар ҳар бир киши ўз тили ва амали билан бошқаларга зиён етказмасликка ҳаракат қилса, жамиятда тинчлик ва тотувлик ҳукм суради. 

Аллоҳ таоло бизларни ўзгаларга озор бермайдиган, меҳрибон ва одил бандаларидан қилсин! 

Шуҳратилла Исраилов, 
Учқўрғон тумани бош имом хатиби