Жаҳолатга қарши маърифат

ФАТВО БЕРИШ ХАТАРИ.

ФАТВО БЕРИШ ХАТАРИ.

Фатво учун жуда кўп илмларга эга бўлиш керак. У ҳаммага юкланса одамларнинг иш ва манфаатлари қолиб кетади. Унинг фарзлигига Аллоҳ таолонинг: “Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди” (Оли-Имрон сураси, 187) - ояти ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир илм ҳақида сўралса, кейин у уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади”, деган ҳадислари далил бўлади.

Лаёқатли кишидан шаръий ҳукм ҳақида сўралса унга қуйидаги шартлар билан жавоб бериш лозим бўлади:

1) Ўша ноҳияда жавоб бера оладиган одам топилмаслиги. Агар топилса ўзи жавоб бермай иккинчисига ошириб юбориши мумкин. Абдурроҳман ибн Абу Лайло айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бир юз йигирмата ансорийни топдим. Улардан биридан бир масала сўралса, бу унисига, униси бунисига жўнатардики, охири яна биринчи сўралганга қайтиб келарди.

2) Сўралган киши ҳукмга амалда олим бўлмоғи.

3) Жавоб вожиб бўлишига монеълик топилмаслиги. Бунга масаланинг воқеъликда учрамаслиги, ёки сўрагувчига манфаати йўқ иш бўлмоғи мисолдир.

Фатвонинг шариатдаги ўрни жуда юқори. Рисолат тақозо қилгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт чоғларида шу ишга вазифадор бўлганлар. Бунга ул зотни Аллоҳ Ўзи таклиф қилган: “Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик”. (Наҳл сураси, 44-оят). Муфтий баён қилиш вазифасини адо этишда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халифаларидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобаи киромлар, улардан кейин илм аҳли бу фазифани адо этишди.

Фатво мавзуси Аллоҳ таолонинг ҳукмини баён қилиш ва уни одамлар ишларига татбиқ этишдир. Демак у Аллоҳ таолонинг сўзи экан. Чунки у сўрагувчига: “Бундоқ қилмоғинг лозим ёки ундоқ қилмоғинг ҳаром”, дейди. Шунинг учун ҳам Қаррофий муфтийни Аллоҳ таолонинг муроди тўғрисида таржимонга ўхшатади. Ибн Қоййим эса муфтийни подшоҳнинг имзо қўювчи вазирига қиёс қилади. Модомики подшоҳнинг номидан имзо қўювчининг фазли инкор қилинмас, қадри камситилмас экан, энди осмонлару ва ер Парвардигори номидан гапирувчининг мансаби қандай бўлди? Ибн Мункадирдан шундай нақл қилинади: Олим Аллоҳ ва Унинг халқи ўртасидадир. У уларнинг ўртасига қандай киришига қарасин?

Иш шундай бўлгач фатво бериш мартабаси жуда масъулиятлидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Фатво беришга журъатлигингиз, дўзахга журъатлигингиздир”. Дорамий ривояти. Суфён: “Фатвога илми кам инсон жасур бўлади”, дейдилар. Олим киши фатво беришдан ҳайиқиши керак. Ҳукм Қуръон, Суннат ёки ижмоъда равшан маълум бўлсагина фатво берсин. Бундан бошқа ҳолатларда жавоб маълум бўлиши учун излансин, исбот қидирсин. Акс ҳолда жавобдан тийилсин. Имом Моликдан элликта масала сўралди. Улардан бирортасига жавоб қилмадилар ва: “Ким жавоб қилмоқчи бўлса ундан олдин ўзини жаннат ва дўзахга рўбарў қилсин, агар қутулишга кўзи етса жавоб қилсин”, дедилар. Асрам айтадилар: Аҳмад ибн Ҳанбалнинг билмайман, деганини кўп эшитганман.

Билмаган ҳолда фатво бериш ҳаромдир. Чунки бунда Аллоҳ таоло ва Расулига ёлғон ишлатган, одамларни адаштирган бўлади. Шунинг учун бу кабира гуноҳлардан саналади. Аллоҳ таоло: “Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”, дейди. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ илмни олимлар қалбидан тортиб олиш билан олиб қўймайди. Балки олимларни вафоти билан олиб қўядики, олим қолдирмаганидан одамлар жоҳилларни ўзларига бош қилиб олиб савол беришади. Улар илмсиз ҳолда жавоб бериб адашишади ва адаштиришади”

Нуруллоҳ Имамов, 
Тўрақўрғон тумани “Хонақоҳ” жоме  
масжиди имом хатиби