Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши доирасида мазкур тузилма қошидаги Фатво ҳайъатининг II мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларидан келган фатво мутахассислари томонидан бир қатор фиқҳий масалаларнинг якуний муҳокамаси бўлиб ўтди.
Хусусан, оила, никоҳ, ажрим, инсон органларини кўчириш, ҳаж ва умра, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли борасида юзага келган шаръий масалалар ҳақида замонавий фатволар лойиҳалари пухта кўриб чиқилди.
Ҳамжиҳатлик руҳида ўтган йиғилишда уламолар диний масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, умумий ечимга келиш анъанасини бошлаб бердилар. Бу эса мусулмон умматининг бирдамлигини мустаҳкамлайди, ихтилофларнинг олдини олади ва туркий халқлар орасидаги бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилишда қўшма қарорлар юзасидан чиқарилган фатволар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва имзоланиш учун Туркий давлатлар муфтийлари кенгашига тақдим қилинди.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг таклифи билан тузилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати