Таълим тарбия

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ — СОФ ФИТРАТНИ АСРАШ МАСЪУЛИЯТИ.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ — СОФ ФИТРАТНИ АСРАШ МАСЪУЛИЯТИ.

Ислом таълимотида инсон тарбияси ниҳоятда улуғ ва масъулиятли масала ҳисобланади. Чунки тарбия — инсоннинг бутун умри давомида тутадиган йўлини белгилаб берадиган асосий омилдир. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида жуда аниқ ва равшан баён қилинган.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиъат) билан туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилиб қўяди. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳолда туғилишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ ёки бурни кесилганини кўрганмисиз?”

Ушбу ҳадисдан англашиладики, Аллоҳ таъоло инсонни дунёга келтирар экан, уни соф, пок ва тоза табиат билан яратади. Яхшиликка мойиллик, ҳақиқатни қабул қилиш қобилияти ва эзгуликка интилиш инсон фитратида мужассам бўлади. Аммо айнан ота-она, оила ва атроф-муҳит боланинг шу соф фитратини сақлаб қолиши ёки унга футур етказишида ҳал қилувчи рол ўйнайди.

“Қуш уясида кўрганини қилади” деган халқ мақоли ҳам айнан шу ҳақиқатни ифода этади. Бола энг аввало ота-онасининг хулқи, сўзи, ибодати ва ҳаёт тарзидан тарбия олади. Шунинг учун ҳам фарзанд тарбияси масъулияти ота-онанинг зиммасидаги энг улуғ омонатлардан биридир.

Аввало, болага Аллоҳ таъолони танитиш ва Уни севишга ўргатиш лозим. Чунки Аллоҳ таъоло фарзандни йўқдан бор қилди, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи этди ва уларнинг қалбига фарзандга нисбатан меҳр-муҳаббат солди. Агар Аллоҳ таъоло бу меҳрни бермаганида, инсон фарзандига ғамхўрлик ҳам қилмас эди. Шу сабабли болага Аллоҳ таъоло уни яратгани, ризқ бераётгани ва ҳар лаҳзада асраб тургани уқтирилиши, шукр ва муҳаббат туйғуси сингдирилиши зарур.

Иккинчидан, фарзандни Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни севадиган қилиб тарбиялаш муҳимдир. Чунки Аллоҳ таъоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни бутун инсоният орасидан танлаб олиб, пайғамбар қилиб юборган. Қуръони Каримда: “Биз сени бутун оламларга раҳмат қилиб юбордик”, деб марҳамат қилинган. Демак, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга ота-онасидан ҳам меҳрибон бўлган, тўғри йўлни кўрсатган, яхшилик ва ахлоқнинг энг гўзал намуналарини ўргатган буюк устоздир. Фарзанд қалбида Расулуллоҳга муҳаббат бўлса, у албатта гўзал ахлоқ соҳибига айланади.

Учинчидан, болани Аллоҳ таъолонинг каломи — Қуръони Каримни севадиган қилиб тарбиялаш лозим. Чунки Қуръони Карим бутун инсоният учун ҳидоят, нур ва ҳаёт қўлланмасидир. Фарзанд Қуръон билан улғайса, унинг тафаккури, ахлоқи ва ҳаётий қарашлари тўғри шаклланади.

Албатта, тарбия фақат шу уч асос билангина чекланмайди. Исломда руҳий тарбия, жисмоний (бадан) тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув маданияти, меҳнат тарбияси каби кўплаб тарбия турлари мавжуд. Ота-она фарзандини ҳар томонлама баркамол инсон қилиб вояга етказишга масъулдир.

Шу билан бирга, ота-онанинг фарзанд ҳақидаги дуоси ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Ҳадиси шарифда ота-онанинг, мазлумнинг ва мусофирнинг дуоси албатта қабул бўлиши айтилган. Қуръони Каримда Закариё алайҳиссаломнинг дуолари бунга ёрқин мисолдир: “Ўша жойда Закариё Роббига илтижо қилиб деди: Роббим, менга Ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Албатта, Сен дуони эшитувчисан” (Оли Имрон, 38-оят)

Бу оят шуни кўрсатадики, фарзанд тарбияси боланинг туғилишидан анча олдин, ота-онанинг дуоси ва ниятидан бошланади. Фарзанд дунёга келишидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ота-она унинг ҳаққига доимо яхшилик сўраб, Аллоҳга илтижо қилиб туриши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, фарзанд — Аллоҳнинг омонати. Уни соф фитратда сақлаб қолиш, тўғри йўлга бошлаш ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш ота-онанинг энг катта масъулиятидир. Бу масъулиятни адо этган ота-она нафақат дунёда, балки охиратда ҳам улкан саодатга эришади.

 

Муҳаммаджон Солиев,
Тўрақўрғон туман "Қўчқор ота" жоме 
масжид имом хатиби