Рўза тутган киши рўза ибодати туфайли Фаришталар сифати билан сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик, шаҳвоний ҳирснинг йўқлиги, доимо тоат-ибодатда, итоатда бўлишлик фаришталар сифатидир.
Рўза тутган инсон эрта тонг саҳардан қуёш ботгунча шу фаришталар сифатлари билан сифатланиб туради. Рўза тутган кишининг иродаси мустаҳкам бўлади, раҳм-шафқат сифатлари кучаяди. Сабр бардошга ўрганади, қалби мусаффо бўлади.
Рўзанинг фойдаларидан бири шайтони лаъинга қаҳр кўрсатишдир. Лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, шайтон алайҳиллаъна ҳурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатади.
Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада саҳийроқ бўлиб кетадилар. Абдуллоҳ ибн Аббосрозийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саҳоватлиси эдилар. Ул зотнинг саҳоватлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули соллалоҳу алайҳи васалламодамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолданда учқурроқ эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳазрати пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу ойда хайр-эҳсонда, яхшиликда одамларга ибрат бўлган эканлар, биз ҳам ул зотдан ибрат олиб, вақтимиз, имконимиз ва куч-ғайратимизни асосан эзгу ишларга, меҳру оқибатга йўналтирмоғимиз зурур.
Атрофга назар солайлик, диққат қилсак, бизнинг меҳримизга, эътиборимизга эҳтиёж сезаётганларни албатта топамиз. Халқимизда “буғдой нонинг бўлмаса, буғдой сўзинг бўлсин” деган нақл бор.Динимиздаэса, ширин сўз ҳам хайр-эҳсоннинг бир тури экани таъкидланади. Шу ўринда ҳазрат Навоийнинг бир байтини эслаш ўринлидир:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг
хотирин шод айлагай
Онча борким, Каъба вайрон
ўлса, обод айлагай.
Бир кишининг кўнглини олиш, дилига қувонч бахш этиш, Каъбани обод қилишдек мукаррам иш экан, бу имкониятни ҳеч биримиз қўлдан бермаслигимиз керак.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганидек, ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисининг оч ўтиришига рози бўлган киши чин мусулмон бўлолмайди. Бундай эзгу амалларни аслида ҳар куни, ҳар ким қилиши керак. Хусусан, Рамазон ойида эзгу, савоб ишлар қилишда бир-биримиз билан мусобақалашишимиз лозим.
Бундан ташқари сиз-у бизлар билган билмаган ҳикматлар бор, уни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак, қутлуғ ойда ожизлик билан тутаётган рўзаларимизни қабул айласин.
Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Аллоҳ бу муборак кунларни рўза, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати, хатми Қуръонга сомеъ бўлишлик, кишилар қалбига хурсандчилик солишни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги рамазонга барчамизни саломат етиб боришимизни насиб этсин.
Одилхон Абдурахманов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби